Мактаб-интернат ўқувчилари Санкт-Петербург шаҳрида бўлди

Жорий йилнинг 13-24 июль кунлари Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиларидан бир гуруҳи Россия давлатининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлди.
Ўзбекистон Бадиий академияси буйруғи асосида ташкил этилган мазкур хизмат сафаридан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларни дунё тасвирий санъати, маданияти ва архитектураси билан яқиндан таништириш орқали уларнинг маънавий оламини юксалтириш ва ўқиб-изланишга бўлган қизиқишини янада орттиришга қаратилган.
Сафарда ўқувчилар дунё маданияти ва санъати марказларидан бири бўлган Санкт-Петербург шаҳрининг бой тарихи, қурилиши, архитектура ва музей ёдгорликлари билан яқиндан танишиб, бир олам таассуротга эга бўлди. Айниқса, уларда Эрмитаж, Рус музейи, Пётр, Павел, Меншиков каби саройларида жойлашган дунё тасвирий санъати асарлари, Петропавловск қўрғони, Зоология музейи катта қизиқиш ўйғотди. Бундан ташқари, Санкт-Петербург рассомлар уюшмаси кўргазмалар заллари, Бадиий академия музейи, Эрмитаж бош штаби, Ораниенбаум қасри ва қўриқхонаси ёдгорликлари билан танишув ҳам ўқувчилар хотирасида ўзига хос тарзда муҳрланди.
– Санкт-Петербург шаҳрига қилган сафаримиз ўқувчилар учун жаҳон ва миллий тасвирий санъатни таққослаб ўрганишда катта имкониятдир, – деди мактаб-интернат директори С.Содиқов. – Улар бундай танишув чоғида нафақат Россия давлатининг тарихий ва архитектура шаҳарларини ўрганди, балки Крестовск ва Елагин оролларида мароқли дам олди, шаҳар каналлари ва Нева дарёси кема сайёҳатида бўлди. Бунда бизга Санкт-Петербург рассомлар уюшмаси бошқаруви раиси А.Базанов, Россия Бадиий академияси илмий-текшириш музейи директори А.Мудров ва рассом Муродилла Дониёров яқиндан ёрдам берди. Ишонаманки, бу хизмат сафари ўқувчиларимиз учун унутилмас хотираларга айланади.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА