Жорий йилги спорт мавсумида футбол бўйича Осиё ва Европа чемпионлар лигаси янгича форматда ташкил этилаётгани эски форматга ўрганиб қолган мухлислар учун бироз ёқмагани табиий. Аммо, ушбу мусобақаларнинг 3-турига келиб, мазкур лига баҳсларига қизиқиш янада ошгани қувонарли ҳол, албатта.

Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақасида учинчи турдан ўрин олган бир қатор учрашувлар ўтказилди. Мазкур минтақада мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафарда Ироқнинг “Ал Шорта” жамоаси билан дуранг ўйнади ва ҳар иккала клубнинг жами очколари сони 2 тага етди. Бунинг натижасида пойтахтимиз клуби кучли саккизталикни якунлаб берди. Гарчи “Пахтакор” билан бир хил очко тўплаган бўлса-да, “Ал Шорта” голлар нисбатига кўра, 9-ўриндан жой олди.

Шунингдек, 3-тур доирасида ўтказилган “Ал Садд” – “Персеполис” учрашуви 1:0 ҳисобида якунланган бўлса, “Ал Айн” – “Ал Ҳилол” баҳсида 4:5 ҳисоби қайд этилди. Шунингдек “Ал Райан” ўз майдонида “Ал Аҳли”га 1:2 ҳисобида таслим бўлди. “Ал Гарафа” ўз майдонида “Ал Васл” жамоасига 1:2, “Истиқлол” эса  “Ал Наср”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Шу тариқа, Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақасида 3-турдан сўнг жадвалдаги вазият қуйидагича кўриниш олди.

Ўтган уч ўйинда ғалаба қозонган “Ал Ҳилол” ва “Ал Аҳли” жамоалари 9 очко жамғариб, карвонбошига айланган бўлса, “Ал Садд” ҳамда “Ал Наср” 7 очко билан 3-4 поғонадан жой олди. “Ал Васл” 6 очко билан кучли бешликни якунлаб берди. “Истиқлол”, “Ал Гарафа” клублари бу турда мағлуб бўлди ва 3 очко билан кейинги ўринларда қолди. “Пахтакор” ва “Ал Шорта” 2 очко тўплаб, 8-9 ўринга жойлашди. “Персеполис”, “Ал Айн” 1 очко, “Ал Райан” очкосиз аутсайдерлар қаторида бормоқда.

Энди 4-5 ноябрь кунлари мусобақанинг 4-турида “Ал Аҳли”–  “Ал Шорта”, “Ал Васл”–  “Ал Садд” “Персеполис” –“Ал Гарафа”,  “Ал Ҳилол” – “Истиқлол”, “Пахтакор” –“Ал Райан”, “Ал-Наср” – “Ал Айн” баҳсларига гувоҳ бўламиз.

Дарвоқе, Эрон ва Ўзбекистон футболига оид яна бир маълумот. Эроннинг “Персеполис” клуби Ўзбекистон футбол ассоциацияси устидан ФИФАга шикоят қилди. Шикоятда қайд қилинишича, футболчи жароҳат олгани учун Эрон клуби уни Ўзбекистон йиғинига боришига рухсат бермаган. Бироқ Остон терма жамоа ўйинларида қатнашиш учун Тошкентга келган ва жароҳатини оғирлаштириб олган. «Персеполис» муҳим ўйинларда ундан фойдалана олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг октябрь ойидаги йиғини бошланишидан бироз аввал Остон Ўрунов “Персеполис” сафида ўйинолди машғулотларда жароҳат олган эди. Эрон журналистлари унинг 3-4 ҳафтага сафдан чиққанини маълум қилган. Кейинчалик футболчи Эрон ва БААга қарши учрашувларда қатнашиш учун Тошкентга келди. 10 октябрь куни Эронга қарши ўтказилган ўйинда Остон Ўрунов 71-дақиқада захирадан майдонга тушди. 15 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон — БАА учрашувида жароҳат сабаб қатнашмаслиги маълум қилинди.

Энди Европа чемпионлар лигаси учинчи тури доирасида ўтказилган учрашувларга эътиборингизни қаратамиз.

Учинчи тур доирасида “Милан” ўз майдонида ажойиб ўйин намойиш этиб, “Брюгге” клуби устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, “Монако”  5:1 ҳисобида “Црвена Звезда”ни мағлубиятга учратди.

“Сантияго Бернабеу” стадионида фантастик ўйин кўрсатаётган Мадриднинг “Реал” жамоаси бу турда Дортмунднинг “Боруссия” клубини қабул қилди. Мазкур учрашувда дастлаб, меҳмонлар вакили Мален 30-дақиқада ҳисобни очган бўлса,  Жейми Байно-Гиттенс орадан 4 дақиқа ўтиб ҳисобни 0:2 кўринишига олиб келди. “Реал Мадрид” жамоаси иккинчи бўлимда ўзгача ўйин кўрсатди. Рақиб дарвозаси томон кетма-кет ҳужумлар ёмғирини ёғдирди. Бунинг самарасида Антонио Рюдигер 60-дақиқада, Винисиус Жуниор эса 62-дақиқада гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйин тизгинини қўлдан чиқарган “Боруссия” 83-дақиқада Лукас Васкес томонидан урилган учинчи голдан сўнг ўзига кела олмади. Бу вазиятдан унумли фойдаланган Винисиус Жуниор 86- ва 90-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ўйинга нуқта қўйди.

Шунингдек, бу турда “ПСЖ” – “ПСВ”, 1:1, “Ювентус” – “Штутгарт” 0:1, “Арсенал” – “Шахтёр” 1:0, “Штурм” – “Спортинг” 0:2, “Жирона” – “Слован Бр” 2:0, “Астон Вилла” – “Болонья” 2:0 натижалари қайд этилди.

Бугун, 23 октябрь куни Европа чемпионлар лигасининг 3-тури доирасида қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади.

“Брест” – “Байер”;

“Аталанта” – “Селтик”;

“Манчестер Сити” – “Спарта Прага”;

“Янг Бойз” – “Интер”;

“Барселона” – “Бавария”;

“РБ Лейпциг” – “Ливерпуль”;

“Атлетико Мадрид” – “Лилль”;

“Бенфика” – “Фейеноорд”;

“Зальцбург” – “Динамо Загреб.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА