Миллиардер Илон Маск америкалик таниқли журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида агар Трамп сайловда ютқазса, ўзи қамалиши эҳтимоли кучлилигини айтган. Нима учун бундай бўлиши мумкинлигига эса изоҳ бермаган.
АҚШ Федерал сайлов комиссияси ҳужжатида Маск уч ой давомида Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи сиёсий ташкилот ҳисобига 75 миллион доллар хайрия қилгани келтирилган.
Нима учун Илон Трампга ён босмоқда? Балки, қамалиши билан боғлиқ гапида жон бордир? Шунинг учун жон-жаҳди билан собиқ Президентни қўллаётгандир?
Дарвоқе, аввалига Демократик партияни ёқлаган миллиардер кейинчалик фикрини ўзгартириб, жорий сайловда Республикачиларга овоз беришини маълум қилган. Ўзининг Х ижтимоий тармоғида АҚШ чегарасини ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя қилиш сиёсати, мамлакатда ички хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича позицияни маъқуллашини бир неча бор таъкидлаган.
Маълумки, Пенсильваниядаги сайлов олди чиқишида Трампнинг ҳаётига суиқасд қилинди. АҚШ собиқ раҳбари қонли юзи билан саҳнадан олиб кетилаётганини кўрган Маск уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор такрорлади. Шу билан бирга у Камала Харрисни бир неча бор кескин танқид қилиб чиқди. Хусусан, агар Харрис ғалаба қозонса, бу сайловлар Қўшма Штатлар учун охиргиси бўлишини башорат қилди. Ҳар ҳолда бу амалдаги вице-президент фаолиятига берилган энг ёмон баҳо бўлса керак. Трампни эса, аксинча, демократияни сақлаб қолишнинг охирги йўли, деб билади.
Табиийки, Трампнинг Илон ҳақидаги фикрлари ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Масалан, Трамп бир журналистнинг “Сайловда ғалаба қозонган тақдирингизда Маскни маслаҳатчи ёки бошқа бирор масъул лавозимга тайинлашни хоҳлармидингиз?” деган саволига ижобий жавоб берган:
– У жуда ақлли одам. Рози бўлса, албатта шундай қилардим.
Амалдаги Президенти Жо Байден эса бу баҳсга муносабат билдираркан, “Илон Маск ва бойвачча ҳамкасбларининг сайловни сотиб олишга уриниши жонга тегди”, деган.
Хуллас, сайлов олди жараёни кўпчиликнинг сиёсий қарашини намоён этмоқда. Томонлар рақиб номзоднинг заиф томонларини топиш, иложи бўлса, сайловчилар олдида обрўсизлантиришга уринмоқда.
Кенжа Бекжонов, ЎзА