Мақсад ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш

Ўзбекистон Республикаси “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўқув-курси ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Олтиариқ туманида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўқув-курси ташкил этилди.
Марказ ахборот хизматининг маълумотларига кўра, унда Фарғона вилояти, Қувасой, Марғилон шаҳарлари, Фарғона, Олтиариқ, Тошлоқ, Қўштепа, Қува туманларидан жами 50 нафар хотин-қиз билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар жалб этилди.
Ўқув-курсларининг асосий мақсади Фарғона вилоятида оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича Фарғона вилояти туман ва шаҳарлари хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларининг касбий билим, малака ва кўникмаларини кучайтиришдир.
Ўқув-курсларидан кутилаётган натижалар қуйидагича:
• ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш;
• оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш;
• эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила, жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш;
• замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилашда иштирок этиш, замонавий оилани ривожлантириш муаммолари, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни ўрганиш;
• оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш;
• оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш кабилардан иборат.

 

ЎзА