Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.

Тожикистон

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 7 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида айрим МДҲ давлатлари ҳудудида тожик муҳожирлари ва талабалари ҳуқуқи бузилаётганидан хавотир билдирди.

– Бундай муомала инсонпарварлик мезонига тўғри келмайди ва МДҲ фаолиятининг асосий тамойилларини шубҳа остига қўяди, – деди у. – Миграция масаласига меҳнат қилаётган фуқаролар ва маҳаллий аҳоли манфаати бирдек инобатга олинадиган комплекс, аниқ ва шаффоф ёндашув зарур, деб ҳисоблаймиз.

Вазир бўлажак раислик доирасида Душанбе Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларга узоқ вақт муҳокама қилинаётган концепциялар лойиҳасини босқичма-босқич мувофиқлаштириш бўйича ишни фаоллаштириш таклиф қилинишини айтди. Булар: умумий меҳнат бозорини шакллантириш ва меҳнатни тартибга солиш, меҳнат муҳожирлари ҳужжатини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим ва ходимларнинг яшаш жойидан ташқарида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни тергов қилиш тартиби тўғрисидаги шартномага ўзгаришр киритиш тўғрисидаги баённома.

Аввалроқ Бош вазир Коҳир Расулзода Россияда Тожикистон фуқаролари “ҳуқуқи ва эркинлиги поймол этилаётгани”ни маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат фуқаролари “хавфсизликнинг ноаниқ таърифи остида” Россияга киритилмаслиги ёки ушбу давлатдан чиқариб юборилиши ҳолатлари тобора кўп кузатилмоқда.

Қозоғистон

Қозоғистонда “Марбург” вируси хавфи туфайли назорат кучайтирилмоқда, деб хабар берди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

– Касалликнинг ўлкага кириб келиши ва тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида халқаро аэропортлар ва давлат чегараларида санитар-карантин назорати амалга оширилади, барча хорижий йўловчилар термометриядан ўтказилади, – деди бош давлат санитар-шифокори Сархат Бейсенова.

“Эбола” оиласига мансуб ва клиник жиҳатдан ўхшаш “Марбург” вируси геморрагик безгак келтириб чиқарувчи вирусли касалликдир. Инфекция касалланган одам биологик суюқлик билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, юза қисм ва материаллар орқали юқади. Вирус билан оғриган беморда кучли бош ва қорин оғриғи, бурун ва оғиздан қон кетиш каби аломатлар кузатилади. Ўлим даражаси 88 фоиз.

“Марбург” иситмасининг табиий ўчоқлари Жанубий, Ғарбий ва Марказий Африка мамлакатларида. Касалликнинг клиник белгилари вирус юққач, 2-21 кун ўтиб намоён бўлади. Аввалроқ ЖСТ “Марбург” вируси глобал эпидемияси хавфидан огоҳлантирганди.

Ўзбекистон

Жорий йил 4-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Бирлашган Қироллик таркибидаги Уэльсда ўтказилган дунёнинг энг мураккаб ва нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларидан бири – “Кембрия патрули-2024”да юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 2-ўринни эгаллади.

Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Германия, Латвия, Қозоғистон, Туркманистон, Италия каби 30 дан ортиқ давлатнинг 100 дан ортиқ жамоаси иштирокида қизғин ва муросасиз кечган танловда ҳарбийлар кимёвий ва биологик таҳдид шароитида ҳаракатланиш, ҳужум амалиёти ва мураккаб жойларда йўналишни топиш каби жанговар вазифаларни бажардилар. Умумий натижага кўра, Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.

60 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган “Кембрия патрули” дунё бўйлаб ҳарбий бўлинмаларнинг ҳақиқий жанговар шароитдаги кўникмаси ва чидамини синовдан ўтказиш учун бирлаштиради. Тадбирда иштирокчи бўлинмалар 48 соатдан кам вақт ичида 70 км масофани босиб ўтиб, кўплаб ҳарбий амаллар бажаради. Машғулотлар Уэльснинг марказий қисмидаги тоғ, ботқоқ каби мураккаб табиий шароитга эга ҳудудларда ўтказилади.

Қирғизистон

Қирғизистонда атом электр станцияси қуриш учун мос ер участкаси излаш бошланди, деди мамлакат энергетика вазири Талайбек Ибраев “Елдик” депутатлар гуруҳи йиғилишида. У ўлкада АЭСга эҳтиёж борлиги, чунки барқарор энергия таъминотини шакллантириш учун энг ишончли йўл шу эканини таъкидлаган.

Мулозим айтишича, қўшнилар ҳозирданоқ бу борадаги саъй-ҳаракатни кучайтирмоқда. Хусусан, Қозоғистон референдум орқали республикада АЭС қуриш масаласини муҳокама қилди.

Вазир лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда реакторларни совутишга хизмат қиладиган сув манбасини олдиндан таъминлаш, мавжуд электр тармоқларига боғланиш зарурлигини ҳам қўшимча қилган. Бу муҳим жиҳатларга эътибор бермаслик умумий харажатни сезиларли даражада орттиради. Лойиҳани “Росатом” корпорацияси билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари Талайбек Ибраев 2027 йилга келиб, Қирғизистонда электр энергияси импортини тўхтатиш режалаштирилаётганини айтди. Айни пайт мамлакатда тақчиллик 300-400 МВт. Таъкидланишича, камида битта қуёш электр станцияси ишга туширилиши орқали республика импортдан бутунлай воз кечиши мумкин.

Туркманистон

Жорий йил 11 октябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Даврлар ва цивилизациялар муносабати – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми бўлиб ўтади.

Тадбирда 10 дан ортиқ давлат раҳбари, шунингдек ШҲТ, ЭКО, ТУРКСОЙ, МДҲ, ИҲТ, ЮНЕСКО каби халқаро тузилмалар етакчилари иштирок этиши кутиляпти. Форумда 800 дан ортиқ хорижий ОАВ вакили қатнашади.

Конференция фикр алмашиш ва Махтумқули қолдирган, умуминсоний қадриятларни тарғиб этувчи меросни муҳокама қилиш учун майдонга айланади.

Туркманистон ҳукумати мазкур тадбир “кенг қамровли ва ўзаро ҳурматга асосланган халқаро мулоқот ўрнатиш учун сиёсий ва маънавий платформа” бўлишини таъкидлаган.

Ўткир МИРЗО тайёрлади. ЎзА