Нидерландиянинг собиқ Бош вазири Марк Рютте расман НАТО Бош котиби сифатида иш бошлади. Россия Президенти танқидчиси, Украинанинг ашаддий тарафдори сифатида ном чиқарган сиёсатчи билан боғлиқ биргина воқеани айтсак, кимлигини дарров эслайсиз. Хотирангизда бўлса, 2018 йил Нидерландия ҳукумати бошлиғи парламент биноси полини артаётган видео лавҳа тарқалганди.
Марк эрталаб бинога кираётиб, қўлидаги кофе солинган идишни тушириб юборади. Ўшанда у– юқори мартабали шахс, гўёки, ҳеч нима бўлмагандек йўлида давом этиши ҳам мумкин эди. Шунда кўпчилик вазиятни ҳар қандай киши билан юз бериши мумкин бўлган ҳодиса, дея қабул қилиб, эҳтимол, тезда унутиб ҳам юборишарди. Билъакс, Рютте қилган ишидан хижолатда, латта билан тўкилган кофени ўзи артиб олди.
Бу воқеани эслаб, биз Рюттенинг қандай инсонлиги ҳақида хулоса чиқариш ёки уни бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш фикридан йироқмиз. Шунчаки, 1 октябрдан НАТО бош курсисини эгаллаган инсон кимлигини эслатдик, холос.
Хуллас, 2023 йил июль ойида Нидерландия Бош вазири лавозимидан истеъфога чиққан Марк Рюттенинг ҳукуматдаги тарафдорлари миграция муаммосини ҳал қилиш бўйича бир қарорга келолмагани туфайли тарқалиб кетганди. Шундан кейин раҳбарнинг ўзи ҳам сиёсатдан кетишини эълон қилди. Қолаверса, кўпчилик у бошчилик қилаётган партия кучсизланиб қолганини таъкидлай бошлади. Устига-устак парламент сайловида Герта Вильдерснинг ўнг қанот партияси устунликка эришди. Таъсир кучини йўқотаётганини англаган Бош вазир 2 июль куни лавозимини тарк этди.
Кўпчилик шу тариқа таниқли шахснинг сиёсий фаолияти тугаганига шубҳа қилмай қўйганди. Бинобарин, октябрь ойига келиб, Марк ваъдасини унутиб, Йенс Столтенбергнинг вориси бўлишдан манфаатдорлигини билдирди. Зеро, Шимолий Атлантика альянсини ўн йил бошқарган Норвегия вакили 2024 йил сентябрда лавозимини тарк этишини эълон қилган эди.
Шундан кейин Рютте янги миссияга жиддий тайёргарлик кўра бошлаган. Масалан, бир неча ой давомида НАТО етакчиларини ўзига жалб қилиш учун ҳаракат қилган, дейишади. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг кўпчилигини у ҳукумат тепасида фаолият юритган 13 йилдан кўпроқ вақт давомида билган, турли халқаро тузилмалар доирасида улар билан ишлашган. Бундан ташқари жаноб Рюттени АҚШ Президенти Жо Байден ва Европанинг аксарият раҳбарлари учун қадрли ва ишончли одамлардан бири дейишади.
Қабул қилган қарорлари туфайли Рютте ўзига хос ном қозонганини кўпчилик билади. Масалан, Европа Иттифоқида “Жаноб Йўқ” номи билан машҳурлиги бот-бот тилга олинади. Зеро, у керакли пайт, гарчи, мушкул бўлса-да,“йўқ” дея олган. Маълумки, дипломатлар айнан шу сўзни ишлатмасликни маъқул кўрадилар. Ахир, биргина калом бутун режани барбод қилиши мумкин-да! Рютте эса бу “ирим”га бошқача қарайди. Масалан, Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан илгари сурилган улкан ислоҳот режаси кўпчилик итифоқдошлар томонидан маъқулланган, “Жаноб Йўқ” эса қарши чиққан. Яъни,“Йўқ, бўлмайди!” дея олган ва оқибатда ташаббус рад этилган.
Бундай ёндашув кўпчилик билан муносабатда орага совуқлик тушириши эҳтимоли юқори. “…лекин на чора? ” дейди Марк. Шунга қарамасдан, Рютте Германия Канцлери Олаф Шольц ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони билан яхши муносабатда экани маълум. Улар баъзи масалалар бўйича ҳамфикр, кўпинча бирга ишлашга ҳаракат қилишади.
Дастлаб Рюттенинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан муносабати яхши эмас эди. Гапига қараганда, у Орбаннинг ишончини қозонишга ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиққан. Масалан, Орбаннинг ўз шарти бўлган: Рютте ўз бошқаруви даврида Венгрия ҳеч қачон НАТО ҳудудидан ташқарида Украинани қўллаб-қувватлаш тадбирларида қатнашмаслигига ваъда бериши керак. Шунингдек, Россия билан дўстона муносабатни сақлаб турган Орбан Украинага қурол етказиб бериш имкониятини ҳам рад этган. Бугунги кунда уларнинг муносабати яхшилиги Рютте Орбаннинг шартларига кўнганини англатади.
Афсуски, бу ҳамфикрлик доимий эмас. Масалан, Европа Иттифоқи билан боғлиқ кўпгина масалаларда улар гоҳо тортишиб қолишади. Ҳатто бир гал Марк Рютте Виктор Орбанга, агар иттифоқчилар олиб бораётган сиёсат ёқмаса, Венгрия альянсни тарк этиши мумкинлигини айтган, дейишади.
Хуллас, янги Бош котибни ана шундай, ўзига хос табиатга эга сиёсатчи сифатида билишади.
Энди эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчимиз. Экспертлар Рютте, мабодо Трамп АҚШ Президентлигига сайланадиган бўлса,унга қарши тура билиши керак, дейишади. Нима учун? Масалан, Трамп аввалги президентлик даврида НАТОнинг ишидан қониқмаган ва доим ташкилотни танқид қилиб келган. Агар у қайта сайланиб, яна Оқ уйга келса, танқидни давом эттириши, ҳатто кучайтириши мумкин. Рюттенинг танқидга чидамлилиги ўшанда иш бериши мумкинлиги таъкидланмоқда. Бирга ишлаган сиёсатчилар Маркни сиёсий танқидга ўта чидамли, деб билишади. Гарчи, Рютте аввалига Трамп билан кўп масалада тортишиб, келиша олмаса-да, кейинчалик уларнинг ўзаро муносабати яхши томонга ўзгарган. Ҳатто, Трамп Рюттени “дўстим” деб атаган. Рютте бир вақтлар анъанавий усулда савдо юритувчи мамлакат раҳбари сифатида Трампнинг протекционистик иқтисодий сиёсатига кескин қарши чиққан.
Марк Рютте Нидерландия Бош вазири бўлиб ишлаганда унинг таржимаи ҳолини ёзган журналист давлат раҳбарининг гапидан иқтибос келтириб,“Ҳақиқий етакчилик турли фикрларни тинглаш ва тушуниш қобилиятини талаб қилади”, деганини эслатади. Бу, шубҳасиз, НАТО Бош котиби учун ҳам зарур шиор, деса бўлади. Кўпчилик нидерландияликлар, гарчи, ўша пайт ҳукуматда баъзи ўзгаришлар юз берган бўлса-да, молиявий инқироз ва COVID-19 пандемияси даврида Бош вазир сифатида мувозанатни сақлаганини эътироф этишади.
Рютте Украинани қуроллантириш тарафдори экани аниқ. Трампдан фарқли ўлароқ, у Украинани астойдил қўллаб-қувватлайди. Бир муддат Киевга бериладиган кенг кўламли қурол-аслаҳа, жумладан ҳарбий техника савдосини назорат қилган.
Шу билан бирга Нидерландия армияси Рютте раҳбар бўлган йиллари иқтисодий қийинчиликни ҳам бошдан кечирган.
Рютте кўп йилдан бери РФ Президенти Владимир Путинни танқид қилиб келади. 2014 йил Украина шарқида ҳаво кемаси уриб туширилишини Россия амалга оширган, деб билади. Халқаро терговчилар хулосасига кўра, Амстердамдан Куала-Лумпурга йўл олган ўша Малайзия самолёти Россияда ишлаб чиқарилган ракета билан уриб туширилиши оқибатида 300 га яқин одам ҳалок бўлган. Марҳумларнинг аксарияти Голландия фуқаролари эди.
Бош вазир пайти Гаагада истиқомат қилган Марк Рютте НАТО Бош котиби сифатида иш бошлагач, Брюсселда яшашига тўғри келади. Маслакдошлари бу шаҳарга мослашиш қийин кечади, дейишмоқда. У кўпинча ишга велосипедда қатнаган. Энди альянс қароргоҳига бориш учун хизмат машинасидан фойдаланишига тўғри келади.
Дарвоқе, маиший юмушлар бир гап бўлар. Энг муҳими, асосий иш рисоладагидек кетиши, чунки НАТО фаолияти дунё ҳамжамияти тинчлиги ва истиқболи билан чамбарчас боғланиб кетган.
Кенжа Бекжонов, ЎзА шарҳловчиси