Нукусда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ўртасида кураш бўйича “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган мусобақанинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари шахсий таркибини жисмоний тарбия ва спорт ҳамда кураш билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш натижасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жанговар тайёргарликни ошириш, курашни аҳоли орасида оммалаштириш ва уни янада ривожлантириш ҳисобланади.

Халқаро кураш ассоциацияси томонидан тасдиқланган халқаро кураш қоидалари асосида икки кун давомида ўтказилган мусобақада ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Биринчи ўринни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти жамоаси, иккинчи ўринни  Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси, учинчи ўринни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоалари эгаллади.

Мусобақа ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник Бахтияр Тўребеков ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирок этиб, барча спортчи ва уларнинг мураббийларига самимий тилакларини билдирди. Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарликларини оширишда ва уларни спортга кенг жалб этишда мана шундай мусобақаларнинг ўрни беқиёс эканлиги қайд этилди.

Ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга медаллар,  диплом ҳамда мусобақа кубоги тантанали равишда топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА.