Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқи бериладими?

Тахиатошлик Назира Маҳмудова Давлат хизматлари марказига шу масалада мурожаат қилди. 

Жорий йилнинг 10-13 июль кунлари Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси, Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида «Обод қишлоқ» дастурига киритилган Найманкул овул фуқаролар йиғинида тарғибот ишлари олиб борилиб, фуқароларга ҳуқуқий ва амалий маслаҳатлар берилди.

Тадбирда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада оширишга қаратилган махсус тайёрланган маълумотлар содда ва тушунарли шаклларда намойиш этилган 500 дан ортиқ буклетлар тарқатилди.

Ўтказилган тадбир давомида «Обод қишлоқ» дастурига киритилган Найманкул овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Назира Маҳмудова кўп йиллардан буён ўз оила аъзолари билан бирга яшаб келаётган хонадонига кадастр ҳужжатларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилди.

Мурожаат жойида Давлат хизматлари ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаро Н.Маҳмудовага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорининг мазмун моҳияти тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сайёр давлат хизмати кўрсатилиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун ариза қабул қилиб олинди.

Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан шу куннинг ўзида фуқаро Н.Маҳмудованинг мурожаати Тахиатош тумани комиссиясига тақдим этилди.
Ушбу мурожаат туман комиссияси томонидан белгиланган муддат ичида кўриб чиқилиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин, деб топилди. Фуқаро Н.Маҳмудова ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорлардан ва Юртбошимиздан миннатдор эканлигини таъкидлаб, ўз қувончини яшира олмади.

А.Оразимбетов,
Давлат хизматлари агентлиги 
Қорақалпоғистон Республикаси 
Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази 
бўлим бошлиғи