Исроил-Эрон таранглиги
Ушбу ҳафта Эрон анчадан бери бериб келган ваъдасини бажарди. 1- октябр куни Эрон Исроил томонидан “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг Байрутда ўлдирилиши ва 31 июл куни Теҳронда ҲАМАС сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ҳалок бўлишига жавобан икки тўлқинли баллистик ракета ҳужуми уюштирди. 200 га яқин ракета учирилган ва бу айтарли талофат етказмаган. Чунки аксарият ракеталар тутиб олинган. Эрон Тел-Авив ҳудудидаги учта ҳарбий базани нишонга олганини даъво қилган.
Энди эса Исроил Эроннинг стратегик активларига жавоб ҳужумини режалаштирмоқда. Нишонга олинадиган вариантлар орасида ядровий иншоотлардан тортиб то нефтни қайта ишлаш заводларигача бор. Жо Байден Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда берган аммо Исроил ҳукуматига Эроннинг нефт иншоотларига зарба беришни маслаҳат бермаслигини айтди.
Оқ уйда журналистлар АҚШ президентидан Исроилнинг Эрон ҳудудидаги нефт обектларига эҳтимолий ҳужумлари ҳақидаги сўзларига ойдинлик киритишни сўрашди.
«Исроил Эроннинг ҳаракатларига жавобан қандай жавоб чораси кўрилиши ҳақида ҳали қарор қилгани йўқ, у муҳокама қилинмоқда. Агар мен уларнинг ўрнида бўлсам, нефт обектларига ҳужум қилишдан бошқа муқобил йўллар ҳақида ўйлаган бўлардим», – дея жавоб берган Қўшма Штатлар раҳбари.
Ҳужумдан кўрилган зарар минимал бўлганлиги сабабли, чекланган жавоб зарбасини йўлланиши мумкин. Чунки бунга ўхшаш ҳолат жорий йилнинг баҳорида кузатилган эди. 13-апрел куни Исроилнинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум уюштиргани гумон қилинганига жавобан Эрон 120 га яқин баллистик ракета ва 170 та учувчисиз учувчи самолётни учирган ҳамда Исроил жанубидаги ҳарбий базага кичик миқдорда зарба берилган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, 18-апрел куни Исроил Исфахондаги Артеш ҳаво кучлари базасига зарба бериб, узоқ масофали С-300 ҳаво мудофаа тизимининг бир қисмини йўқ қилганди.
Лекин бу сафар Эрон ҳужумининг кўлами сабабли Тел-Авивнинг “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизимидан ўтиб кетган. Таҳлилчилар фикрига кўра, шу сабабли ҳам Исроилнинг жавоби апрел ойидагига қараганда йирикроқ бўлиши ҳам мумкин. Бу эса Эрон кучларини Исроил ва унинг энг катта иттифоқчиси АҚШ билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка тортади.
Исроил расмийларининг оммавий баёнотларига кўра, қайси обектларга зарба бериш ҳақидаги вариантлар стол устида. Масалан ядровий ва нефт ишлаб чиқариш обектларига зарбалар бериш, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига мақсадли суиқасдлар ва ҳарбий активларга аниқ рейдлар уюштирилиши мумкин. Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннетт эса Эроннинг ядровий иншоотларига ҳал қилувчи зарба беришга чақирди.
Натанздаги уранни бойитиш мажмуаси ва Исфахон ядро технологиялари маркази Эрон ядровий дастурининг марказида жойлашган иккита мажмуа ҳисобланади. Лекин Теҳроннинг ядровий иншоотларининг аксарияти чуқур ер ости ва тоғлар остида жойлашган бўлиб, Исроил учун уларга зарба бериш осон бўлмаслиги мумкин.
Шунинг учун қаттиқ ҳимояланган ядровий майдонларга қараганда камроқ қўриқланадиган нефт конлари муқобил ҳарбий нишонлар бўлиши кутилмоқда. Эрон ҳукумати мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият юзасидан халқ босими ортиб бораётган бир пайтда Эроннинг даромадли нефт секторига зарба бериш ҳам Исроилнинг сиёсий фойдасига ўйнаши мумкин.
Эрон ҳарбий-денгиз базаси обектлари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари Исроил учун бошқа потенциал нишонлардир.
Яна бошқа бир вариант эса Тел-Авив Эрон раҳбарларига қарши қотилликларини давом эттириш ҳисобланади.
“The New York Times” нашрининг ёзишича, Эрон Исроилнинг эҳтимолий зарбаси туфайли Россиядан ёрдам сўраган. Манбага кўра, Эрон Исроилдан жавоб зарбаларини кутмоқда, мамлакат қуролли кучлари максимал шай ҳолатга келтирилган. Теҳрон Москвадан Исроил ҳужумларини кутган ҳолда сунъий йўлдош орқали разведка соҳасида ҳамкорлик қилишни сўраган. Хабарда ҳамкорлик тафсилотлари келтирилмаган.
Эрон расмийларининг огоҳлантиришича, Яҳудий давлати агар жавоб қайтарса, Теҳроннинг ҳам ҳужуми олдингисидан кам бўлмайди.
Исроил ва Ливан низоси
Исроил Ливанга ҳаво зарбалари қаторида ушбу ҳафта қуруқликдан ҳужумга ўтди. Қуруқликдаги операция бошланганидан бери ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ”нинг 250 га яқин аъзосини, жумладан 5 нафар батальон командирини йўқ қилди, дея хабар беради Исроил қўмондонлиги.
Исроилнинг Байрутга навбатдаги зарбаси пайшанбадан жумага ўтар кечаси амалга оширилди. Ҳарбий самолётлар “Ҳизбуллоҳ”нинг йўқ қилинган етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси Ҳошим Сафий ад-Дин жойлашгани тахмин қилинган Байрут чеккасидаги обектни бомбардимон қилди. “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий разведка қароргоҳи бўлган Даҳия ҳудудидаги бункерга умумий оғирлиги 73 тонна бомба ташланган.
Маҳаллий нашрларнинг Ливан соғлиқни сақлаш вазирига таяниб хабар беришича, 3 октябр ҳолатига кўра, зарбалар қурбонларининг умумий сони 2 мингга яқин кишини ташкил қилган. Минглаб одамлар Сурияга қочиб ўтмоқда. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари Ливаннинг Сурия билан чегарадаги Маснаа пунктига алоҳида ҳужум қилган. Яҳудий давлати кучлари сўнгги кунларда юз минглаб одамлар Исроилнинг бомбардимонларидан қочиш учун фойдаланаётган икки давлатни боғлайдиган йўлни тўсиб ташлаган.
Исроил ва Ғазо можароси
Исроилнинг кучлари Ливан ва Эронга қарши курашаётган бўлса-да Ғазодаги тўқнашувлар ҳали ҳам давом этмоқда. Лагерларга ҳаво зарбалари амалга ошириляпти.
Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги Тулкарим қочқинлар лагерига уюштирган зарбаси оқибатида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Исроил армияси томонидан маълум қилинишича, қирувчи самолётлар пайшанба куни Исроил ички хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда ҳужум уюштирган. Қўшимча қилинишича, Тулкаримдаги ҲАМАС инфратузилмаси раҳбарини нишонга олинган.
Лагер расмийси Файсал Саламанинг “AFP” ахборот агентлигига айтишича, зарба “F-16” қирувчи самолёти билан амалга оширилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар идораси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 7-октябридан жорий йилнинг сентябр ойининг охиригача Ғарбий Соҳилда 695 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳужум охирги 20 йил ичидаги Ғарбий Соҳилда рўй берган энг йирик ҳаво ҳужумидир. Лагерда одамлар зич жойлашгани боис ҳалокат кўлами ошган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, Тулкарим қочқинлар лагерида атиги 0,18 квадрат километр майдонда 21 мингдан ортиқ одам истиқомат қилади.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби қочқинлар лагерига қилинган ҳужумни тинч аҳолига қарши “ўта оғир жиноят” сифатида қоралади.
Ҳиндистон ўқ-дориси Украинада
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилди. Бинобарин, Украина ҳинд снарядларидан фойдаланаётгани тўғрисидаги хабарлар бу уринишни мураккаблаштириши мумкин.
Июл ойи бошида Москвага ташриф буюрган Моди Россияни Ню-Деҳлининг “ишончли иттифоқчиси” ва “ҳар қандай шароитдаги дўсти” сифатида таърифлаб, икки халқ ўртасидаги ўнлаб йиллар давомидаги стратегик ҳамкорликни назарда тутган эди.
Орадан уч ойча вақт ўтиб, бу муносабат жиддий синовдан ўтишига тўғри келмоқда. Айниқса Киев Ҳиндистон ўқ-дорисидан Россия билан урушда фойдаланаётгани ҳақидаги гаплар авжига чиққан бир пайт.
“Reuters” ахборот агентлиги томонидан олиб борилган текширув шуни кўрсатадики, Италия ва Чехия сотиб олган ҳинд снарядлари Украинага йўналтирилган. Мазкур ҳисобот сўнгги кунларда, ҳинд ўқ-дориси Украина кучлари томонидан Россияга қарши зарба бериш учун ишлатилгани акс этган суратлар пайдо бўлгандан сўнг ошкор қилинди.
Маълумки, Ҳиндистон Бош вазири август ойида Киевда Владимир Зеленский билан музокара ўтказди. Бу икки сиёсатчи сентябрда БМТ тадбирлари доирасида Нью-Йоркда ҳам кўришди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳеч қандай қоида бузилмаганини маълум қилди. Кремл бунга ишонмади ва Ню-Деҳлидан қуролнинг охирги харидори ким эканлиги ҳақида текширув ўтказишни сўради.
Маълумотларга кўра, айни пайт Россияга экспорт қилинадиган ҳинд электроникаси ҳарбий мақсадда қўлланади. Баъзи таҳлилчилар айтишича, ҳақиқатан шундай бўлса, Ҳиндистон очиқ-ойдин тенг имконият яратувчи сифатида ҳар икки томонни таъминламоқда.
Экспертлар фикрича, Украина ҳинд ўқ-дорисидан фойдаланиши Ню-Деҳлининг Москва билан “совуқ уруш” давридаги яқин ҳамкорлиги натижасида шаклланган кўп йиллик ва мустаҳкам муносабатини сезиларли даражада мураккаблаштирмайди. Сўнгги йигирма йил ичида бу икки давлат олди-бердиси янада кучайган. Ҳисоб-китобга кўра, Россияга қарши урушда ишлатилаётган ҳинд снаряди Украинанинг ўқ-дорига нисбатан эҳтиёжида атиги 1 фоизни ташкил қиларкан.
Август ойида Киевдан қайтган Нарендра Моди Жо Байденга телефон қилиб, нима ҳақда гаплашгани тўғрисида маълумот берди. Путинга эса қўнғироқ қилмади ва кейинроқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довални Москвага юборди. Кремл Довал Путинни Модининг Киевга ташрифи фойдали бўлганига ишонтиришга уринаётгани акс этган суратларни тарқатиб юборди. Бу Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги муносабатда ноқулайлик юзага келганидан далолат.
Айни пайт Конгрессдаги мухолиф партия раҳбарлари Модини АҚШ босими остида Москва билан тарихий яхши муносабатни бузаётганликда айблаяпти.
Ню-Ёрк профессорлари фикрича, Италия ва Чехияга жўнатилган ўқ-дори биринчи навбатда Зеленский қўшинларига юборилиши ишлаб чиқариш муддати яна чўзилиши ва ҳар қандай ҳолатда Украина қурол билан таъминланиши йўлидаги ҳаракатни ифодалайди. Феврал ойида ГФР нашрлари Берлин Украина учун ўқ-дори сотиб олиш бўйича Ҳиндистон билан музокара олиб бораётгани ҳақида хабар тарқатган, Германиянинг Ню-Деҳлидаги элчихонаси эса мавзуга изоҳ беришдан бош тортганди.
Украинанинг яна бир ҳудуди йўқотилди
Ушбу ҳафта Украина Донетск вилояти жануби-ғарбидаги Угледардан қўшинларини олиб чиқди, шаҳар Россия назоратига ўтган. ҳудуд бутунлай вайрон бўлган. Россия 2022 йил октябр-ноябр ва 2023 йил январ-феврал ойларида Угледарни қўлга олиш учун камида иккита йирик ҳужумга уринган, бироқ улар шахсий таркиб ва ҳарбий техникада катта йўқотишларга олиб келган.
Шунингдек, НАТОнинг янги Бош котиби Марк Рютте Украинага ташриф буюрди ва қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда бергани айтилмоқда. У Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашини сақлаб қолиш учун АҚШнинг бўлажак президенти билан ҳамкорлик қилишига ишонч билдирди.
Шунингдек, келаси ҳафта Германияда бўлиб ўтадиган НАТОнинг муҳим йиғилишида янги ҳарбий ёрдам масаласи муҳокама қилиниши ҳам маълум қилинган. Зеленский Украинанинг “ғалаба режаси” тафсилотлари билан ўртоқлашиб, Марк Рюттедан кўпроқ қурол, хусусан, узоқ масофага мўлжалланган ракеталарга эҳтиёжи борлигини билдирган.
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.