Душанбеда ўтаётган дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ортда қолган иккинчи кунги беллашувлари сарҳисобига кўра, Япония терма жамоаси 5 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза медали билан умумжамоада якка пешқадамга айланиб олди.
Кечаги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Мардон Равшанов -73 килограмм оғирликдаги саралаш баҳсларида барча рақибларини томошабинлар сафига кузатиб қўйишга муваффақ бўлди. Бронза медали учун кечган курашда италиялик Мануэл Парлатини вазари баҳоси эвазига мағлуб этиб, 3-ўринни қўлга киритди.
Маҳоратли дзюдочимизнинг ушбу ғалабаси эвазига Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоада 2 та бронза медали ҳисобига 67 та давлат орасида 7-ўриндан жой эгаллади.
Бугунгача 67 та давлат терма жамоаларининг 11 таси у ёки бу даражадаги совринга эгалик қилган. 56 та миллий терма жамоага ҳали соврин насиб этмаган. Шундан кўринадики, мусобақа шиддатли ва ўта мураккаб тарзда давом этмоқда.
Жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунларида ўғил болалар -81, -90,-100 ва +100 килограммда, қизлар -70, -78 ва +78 килограмм вазнда ҳамда аралаш жамоавий беллашувларда ғолиблик учун кураш олиб боришини назарда тутсак, асосий баҳслар олдинда экани ойдинлашади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақаларнинг сўнгги баҳслари 5 октябрь куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА