Хабарингиз бор, эртага 5 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳси Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилади. Унда “Навбаҳор” – “Андижон” клублари бош соврин учун ўзаро рақобатлашади.

Маҳаллий вақт билан соат 17:00 бошланадиган мазкур ўйинни Саудия Арабистонидан ташриф буюрган Холид Солиҳ ал-Тураис бош ҳакам сифатида ўтказса, қанотларда ҳамюртлари Абдулраҳим Ҳабиб ал-Шаммари ва Муҳаммад Маки Алабакри унга ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Найим Қосимов (Ўзбекистон) ишлайди. Шунингдек, ВАР ҳаками бўлиб Султон Санат ал-Ҳарби (Саудия Арабистони) фаолият олиб борса, АВАР бўйича Аҳрол Рисқуллаев (Ўзбекистон) маъсул этиб тайинланди.

Мазкур “Водий дербиси” олдидан мамлакатимиз кубоги баҳсларида ҳар икки жамоаларнинг ўзаро ўйинларига оид статистика билан сизларни таништириб ўтишни, лозим топдик.

“Навбаҳор” клуби Ўзбекистон кубоги ташкил этилгандан буён бош совринни 3 марта – 1992, 1995 ҳамда 1998 йилларда қўлга киритган бўлса, 1993 ва 2022 йилларда финалга қадар етиб борган. “Андижон” эса ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубоги финалига етиб келди. Мазкур мусобақа доирасида “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари ўзаро 8 марта рўбарў келган бўлиб, унда “Навбаҳор” 6 маротаба, “Андижон” эса 2 та баҳсда зафар қучган. Тўплар нисбатида ҳам Наманган шаҳри жамоаси устун –15/7. Бу жамоаларнинг мамлакат кубогидаги илк ўйини 1992 йилда ўтказилган бўлсак, сўнгги учрашув жорий йилда ташкил этилган.

Ҳа, бу икки жамоанинг Ўзбекистон кубогидаги ўзаро ўйинлар статистикасида “Навбаҳор” анча устун бўлса-да, аммо жорий йилги мавсумда “Андижон” бир маромда ўйин ўтказмоқда.Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, жамоаларнинг сўнгги ўйини Суперлига мусобақасида ўтказилган ва унда “Андижон” 3:0 ҳисобида “Навбаҳор”дан устун келган. Шу боис ҳам эртанги финал ўйини шиддатли курашга бой ўтиши шубҳасиз. Албатта, статистика доимо ўтган учрашувлар натижаси орқали тузилади. Бироқ, ҳар қандай янги ўйинда ушбу натижалар ўз таъсирини йўқотади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА