Шу кунларда Осиё олимпия кенгаши директори, Бутунжаҳон сузиш федерацияси президенти Ҳусайн ал Мусаллам мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Бугун мартабали меҳмон пойтахтимиздаги “Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати” музейида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Тошкентда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчаси, кейинги йили юртимиз мезбонлигида ёшлар ўртасида ўтадиган Осиё ва Параосиё ўйинларига тайёргарликнинг бориши, эътибор қаратилиши керак бўлган қатор масалалар хусусида фикр юритилди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичига оид қатор истиқболли режаларни муҳокама қилди.
Музей билан танишув жараёнида хорижлик меҳмонлар ўзбек спортининг шонли тарихи, бугунги кундаги муваффақиятларига юқори баҳо бериб, фахрий меҳмонлар китобига ўз дил изҳорларини ёзиб қолдирди.
Т.Рўзиев, ЎзА