Спортчини тайёрлаш, мусобақаларда юксак натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайди. Масалан, боксчини тайёрлаш учун йиллар керак бўлади, узоқ ва машаққатли машқлар, мураббийларнинг маҳорати, хаттоки уларнинг овқатланиш рациони ҳам кейинги  фаолиятларида муҳим роль ўйнайди.

Шунинг учун юксак маҳоратли боксчиларни тайёрлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабига асос солинди. Жорий йил март ойида фаолиятини бошлаган муассаса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги таркибига ўтказилган бўлиб, республикамиз бўйича спорт мактабларида юқори натижаларни қўлга киритган, ақлан етук, жисмонан бақувват ёшлар бу даргоҳга қабул қилинади.

Айтиш керакки, жорий йилда ушбу мактабга 5-11 синф ўқувчиларидан 1500 нафар талабгор ариза топширди ва улар ичидан 96 нафари касбий-ижодий ҳамда мантиқий-психологик имтихонлардан муваффақиятли ўтиб, бу ерда таҳсил олиш бахтига муяссар бўлди. Спорт мактабида жами 168 та ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 145 нафар йигит-қизлар бокс сирларини ўрганишмоқда. Ҳар бир гуруҳда 24 нафар ўқувчи шуғулланади ва улар учун 5 маҳаллик спортчиларга тавсия этилган овқатлантириш рациони яратилган.

Лойиҳа қиймати 56 млрд. сўмни ташкил этган янги бинода узоқ-яқиндан келган спорчилар учун ётоқхона, ошхона, ўқув хоналари, спорт зал сўнгги талаблар асосида жиҳозлантирилган. Машғулотларга тажрибали ва маҳоратли мураббийлар жалб қилинган. Бундан ташқари маҳаллий ва хорижий спорт усталари, машҳур спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ҳам ўтказиб келинмоқда.

Бу ерда “Ўзбекистон тарихи” ва “Инглиз тили” фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ҳамда табиий фанлар, спорт психологиясининг замонавий усулларда ўргатилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда бокс соҳасида юртимизда етишиб чиққан спортчиларни   дунё тан олмоқда. Ўзбек ўғлонлари қатор йўналишлар бўйича халқаро рейтингларда ҳам юқори поғоналарни забт этишган. Келгусида бу борада  жаҳонда ўз ўрнимизни сақлаб қолиш, ўзбек бокс мактаби анъаналарининг бардавомлигини таъминлаш мақсадида бокс мактабида ҳар йили янгидан-янги усул ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириш тизими йўлга қўйилмоқда.

Мақсад халқаро талаб ва стандартлар асосида профессионал спортчиларни тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимиз учун муносиб ворисларни етказиб беришдан иборатдир.

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА