Испаниянинг Леон шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида спортчиларимиз яна бир медални қўлга киритди.
Кеча, 22 сентябрь кунги баҳсларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Ҳусинбой Матрасулов -73 кг. вазн тоифасида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди. Бу, терма жамоамиз ҳисобидаги умумий медаллар сонини 3 тага етишини таъминлади.
У мазкур муваффақиятга даст кўтариш машқидаги 148 кг. натижаси орқали эришди. Ҳамюртимиз силтаб кўтаришда 167 кг. билан бешинчи, икки кураш якунида 315 кг. билан тўртинчи натижага эришди.
Бугун, 23 сентябрь куни ўтказиладиган мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан Абдулазиз Алимжонов ва Хайитбой Абдушукуров -81 кг. вазнда ”А” гуруҳ баҳсларида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрга қадар давом этадиган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар спортчиси юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА