Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясида Фаластин томонидан илк бор тақдим этилган ва Исроилдан 12 ой ичида ишғол қилинган ҳудудлардаги мавжудлигини тўхтатиш талаб қилинган резолюция мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилинди.
Фаластиннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси жорий йилнинг май ойида БМТ Бош Aссамблеясида овоз бериш йўли билан қўшимча ҳуқуқларни олганидан кейин ўзининг биринчи резолюция лойиҳасини Бош Aссамблеяга тақдим этди.
Резолюция “Исроилнинг босиб олинган Шарқий Қуддус ва Фаластиннинг қолган ҳудудларидаги ноқонуний амалиётлари” деб номланган фавқулодда махсус сессияда овозга қўйилди.
40 дан ортиқ давлат томонидан тақдим этилган резолюция лойиҳаси, 124 та ёқлаб, 14 та қарши овоз билан қабул қилинди. 43 давлат овоз беришда бетараф қолди.
AҚШ, Исроил, Чехия, Aргентина, Венгрия, Фижи, Малави, Микронезия, Науру, Палау, Папуа-Янги Гвинея, Парагвай, Тонга ва Тувалу қарши овоз берди.
“Биз Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги ноқонуний мавжудлигини кечиктирмасдан тўхтатишни ва резолюция қабул қилингандан кейин 12 ой ичида буни амалга оширишни талаб қиламиз”, дейилади қабул қилинган резолюция матнида.
Резолюцияда Исроилдан Халқаро Суд қарорлари асосида ишғолини тўхтатиш талаби билан бир қаторда, барча аҳоли яшаш пунктларидан қўшинларини олиб чиқиш ҳам талаб қилинмоқда. Ҳужжатга кўра, Исроил босиб олинган Фаластин ҳудудларига етказган зарарни ҳам қоплаши керак.
Шу муносабат билан, резолюцияда “барча аъзо давлатлар халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга” чақирилади. Шунингдек, улардан фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш, Исроил томонидан яратилган ноқонуний вазиятга тоқат қилмаслик, унга ёрдам бермаслик ва зарур санкцияларни қўллаш сўралган.
Г.Сатторова, ЎзА