Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг якунлари ва олдинда кутиб турган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Учрашувда ёзги Олимпия ўйинларидаги ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар ўрганилиб, зарур вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни спортчи ва мураббийлар билан учрашувда янги Олимпия цикли учун белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Суҳбатда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик, хусусан, ўйинлар дастури ва унга киритиладиган спорт турларини кўриб чиқиш кун тартибидан ўрин олди. Барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда жамоавий спорт турлари ва аёллар спортига янада кўпроқ аҳамият қаратиш, терма жамоаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, тажрибали хорижий мураббийларни жалб этиш, спортчиларнинг тиббий таъминотини кучайтириш борасида таклифлар билдирилди.

Т. Рўзиев, ЎзА