Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ҳамда ўқувчиларига таълим кредити ажратиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредитини фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратиш тизими йўлга қўйилади;

олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст бўлган тақдирда, тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида таълим кредитини ажратиш амалиёти жорий этилади.

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун таълим кредити улар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш” (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва “Олий таълим жараёнларини бошқариш” (HEMIS) ахборот тизимида, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун эса улар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Профессионал таълим жараёнларини бошқариш” (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлган тақдирда ажратилади.

ЎзА