Сўнгги пайтларда халқаро жамоатчилик Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)нинг минтақада муҳим ҳамкорлик моделига айланиб бораётганини эътироф этмоқда. Ушбу платформа шаклланишига кўра нисбатан ёш бўлсада, эришган муваффақиятлари билан қисқа вақт ичида аниқ стратегик мақсадларни амалга ошириш имкониятига эга халқаро ташкилот сифатида ўзини кўрсата бошлади.

ТДТ ташкил этилишининг тарихий зарурати

Дунё ўзгариб, ҳар кунимиз турли чорловлар, муаммо ва инқирозлар билан юзлашаётир. Айрим давлатлардаги нотинчликлар, урушларнинг кучайиши, глобал озиқ-овқат ва энергетика инқирози ҳамда унинг бутун дунё иқтисодига таъсири, инфляция босимининг ортиши, жаҳон ва миллий иқтисоднинг заифлашиб бораётгани, миллионлаб одамларнинг қашшоқлашиши, АҚШ – Хитой зиддиятларининг кучайиши ва Осиё давлатларидаги қутбланиш халқаро тизимнинг хавотирли эканлигини кўрсатади. Бунинг устига COVID-19 пандемияси иқтисодий турғунликни янада чуқурлаштирди. Бир сўз билан айтганда, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган тартиб ҳозирги халқаро тизимни қўллаб-қувватлаёлмай қолди. Жаҳон ижтимоий-сиёсий тизимида туб ўзгаришлар кечаётган бир шароитда Осиёдаги муҳим минтақанинг қандай тараққий этиши, келгусида унинг истиқболини кимлар ёки нималар белгилаши, бунда ўтмиши ва кечмиши бир бўлган туркий давлатлар халқларининг сиёсий кайфияти, ижтимоий фаоллиги қандай бўлиши кераклиги масаласи муҳим стратегик мақсадга айланди. Шу нуқтайи назардан мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларини белгиловчи расмий ташкилотнинг таъсис этилиши замон тақозоси эди.

Совет тузуми пароканда бўлгач, Марказий Осиёдаги давлатлар ва Озарбайжон ўзининг суверенитетини эълон қилди ҳамда халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айланди. Гегемон давлатлар кўланкасида йўқ бўлиб кетмаслик ёхуд, ёт ғоялар таъсирида бошқа бир кучли давлатнинг қарамига айланмаслик учун ҳам ҳар бир давлат мустақил равишда ўз тараққиёт йўлини белгилаб, халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қила бошлади.

Айни шу даврда Туркий давлатларнинг бирлашиш ғояси долзарб масала сифатида кун тартибига чиқди. Аслида бу ғоянинг илгари сурилиши янгилик эмас эди. Буюк Амир Темур ҳам туркий халқларни бирлаштирган ягона Туронни орзу қилганлиги тарихдан маълум. Айнан шу масъулиятни Туркия ўз зиммасига олди. Марказий Осиёдаги айрим давлатлар, Туркия ва Озарбайжон тузилма сафига кирдилар. Ўзбекистон ва Туркманистон эса ташкилотга аъзо бўлмади ва «ижобий нейтралитет» позициясида турди. Аммо янги ташкилот учун бу икки давлат аҳамиятли ҳисобланган. Зеро, Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги туркий тилда сўзлашувчи аҳолининг ярми истиқомат қилар, Туркманистон эса исботланган газ захиралари бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб турган эди.

Бироқ ушбу сиёсий платформа тизимли равишда ташкил қилинмаганлиги, илгари сурилаётган ташаббусларнинг эса молиявий таъминоти йўқлиги сабабли, шунингдек, минтақадаги мусулмон давлатлари дунёвийлик тамойиллари асосида ривожлангани боис, 1991-1996 йилларга келиб Туркиянинг янги туркий тилли республикалар шаклланишидаги иштироки пасайди. Фақатгина 1996 йилга келиб бу реал сиёсий воситалар ва узоқ муддатли ҳисоб-китоблар билан таъминланган тузилмага айланди ва кейинчалик, бунинг исботи сифатида туркий тилли давлатлар Кенгаши таъсис этилди.

ТДТнинг тадрижий ривожланиши

1992 йил 30 октябрда Туркиянинг ташаббуси билан биринчи «Туркий тилли давлатлар саммити» Анқара шаҳрида ўтказилди. Унда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этди. Президентларнинг навбатдаги саммитлардаги учрашувлари 1994, 2001 ва 2010 йилларда Истанбулда, 1995 йил Бишкекда, 1996 йил Тошкентда, 1998 йил Остонада, 2000 йил Бокуда, 2006 йил Анталияда бўлиб ўтди.

2009 йилда Нахичеванда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Туркий Кенгаш) ташкил этилди. Ушбу тузилма ҳукуматлараро ташкилот сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади туркий давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш эди. Нахичеван саммитининг якуний ҳужжатида ҳам туркий давлатларнинг минтақа ва дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш истаги ифодаланган.

Кейинги йилларда Кенгаш соҳавий ҳамкорликни институционаллаштириш ва Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Халқаро Туркий Академия каби бошқа ёрдамчи платформаларни яратишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Кенгашига расман 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди. Бунга сабаб Ўзбекистонда янги ислоҳотлар даврининг бошланиши, «Янги Ўзбекистон» позицияси ва халқаро муносабатларда кўп томонлама платформаларга очиқлик эди. Президент Ш.Мирзиёев «очиқ ва конструктив ташқи сиёсат энг аввало, миллий манфаатлар учун» деган позицияни илгари сурди.

2021 йил ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган тарихий саммитда Туркий Кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти сифатида қайта ташкил этилди. Саммит давомида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) ҳамкорлари тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Тенглик, ишонч, манфаатдорлик, ўзаро маслаҳатлашув ва ҳамкорлик орқали тараққиётга интилиш руҳида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик салоҳиятидан фойдаланиш ТДТнинг асосий мақсадларига айланди. Яъни, «Буюк Турон» тушунчаси орқали барча туркийзабон халқларни бир супер конфедерацияга бирлаштириш назарда тутилган эди. Янги тузилма учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун очиқ эканлигини ҳам баён қилди.

Ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг стратегик аҳамияти

Ташкилот мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш асносида, биринчидан, Кавказ ва Марказий Осиёда янги ривожланаётган транспорт ҳамда энергетика йўлаклари тармоғи бўйлаб ишончли, хавфсиз ва ҳамкорлик камарларини боғлашни режалаштирди. Бу, ўз навбатида, нафақат аъзо давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, ташкилотнинг иқтисодий мустақиллиги ва фаровонлигига эришиш билан бирга, глобал хуружлар, масалан, Афғонистон ҳудудидан келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши туриш омили сифатида ҳам керак эди. Иккинчидан, Ташкилотга аъзо давлатларнинг ўта геосиёсий амбициялар ва яратилаётган трансмиллий лойиҳалар фаолиятида иштирок этаётган бошқа халқаро кучлар босимига қарши туришида ўзаро кўмаклашиши ҳам долзарблик касб этади. Учинчидан, маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш нуқтайи назаридан ҳам бу ташкилот муҳим ҳисобланади.

ТДТ халқаро майдонда самарали, конструктив ва манфаатлар тенглиги асосида иш олиб бораётган ташкилот сифатида баҳоланиб борар экан, унинг сафига қўшилиш истагида бўлган давлатлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Масалан, 15га яқин давлатлар, жумладан, Россия Федерациясининг айрим таркибий тузилмалари (Чувашия, Бошқирдистон, Татаристон, Қрим Республикаси, Тува ва бошқалар), Гагаузия (Молдова Республикаси таркибидаги автоном ҳудудий бирлик) ва Хитой Халқ республикасининг Шинжон Уйғур автоном вилоятидаги туркий халқлар ҳам бу платформа орқали ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.

Ҳозирги кунда Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ТДТнинг тўлақонли аъзоси, Туркманистон ва Венгрия давлатлари эса кузатувчи мақомидадир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ТДТнинг салоҳияти унга аъзо давлатларнинг ўзаро бирдамлигида кўринади. Ташкилот ўз сафини кенгайтириш орқали халқаро доирада таъсир кучи ва имкониятларини ошириш, туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий интеграцияни фаоллаштириш, давлатларнинг бугунги кун чорловларига мослашиши учун фан- технологиялар ҳамда инновация соҳаларида янги лойиҳаларни жорий қилиш, маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби бир қатор режаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шунингдек, иқлим ўзгариши, пандемия ва иқтисодий бўҳронлар шароитида ҳам муаммоларни ҳал этишда аъзо давлатлар кучларини бирлаштириш ташкилотнинг мавқеи тобора ошиб бораётганидан далолатдир.

Барчиной Жўраева,

халқаро журналист.