Ўзбекистонда тиббий хизматлар соҳаси янги босқичга кўтарилади

Президентнинг “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-311-сонли қарори мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Ушбу қарор билан давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар тизимини жорий этиш, тиббий суғурта орқали аҳолига молиявий енгиллик яратиш ва соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар йўлга қўйилади.
Мазкур қарорнинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
Давлат тиббий суғуртаси: Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари таъминоти
Қарорга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатилади ва дори воситалари тақдим этилади. Ушбу хизматлар ва дориларни таъминлашда аҳолининг елкасига қўшимча молиявий юк юкланмайди, яъни суғурта учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Хизматлар ва дорилар солиқ тўловларидан шаклланган давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади, бу эса суғурталанган шахсларнинг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.
Тиббий суғурта механизми босқичма-босқич жорий этилади
Қарорда тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу механизмлар орқали аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари белгиланади. Булар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ва суғурта жамғармаси маблағлари орқали тақдим этиладиган тиббий хизматлар ҳамда дори воситаларини ўз ичига олади.
Электрон тизимлар ва замонавий хизмат кўрсатиш
Аҳолининг бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши учун белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади. Шунингдек, дори воситалари шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида берилади ва ушбу харажатлар суғурта жамғармаси томонидан қопланади. Бу реимберсация дастурида амалга оширилиб, молиявий шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Қарорда “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимини жорий этиш назарда тутилган бўлиб, ушбу тизим тиббий муассасалар фаолиятини электрон шаклда бошқариш имконини беради. Бу рақамлаштириш соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини оширишга ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган муҳим қадамдир.
Кафолатланган пакет ва имтиёзли тоифалар
Қарор асосида давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар кўрсатишда иштирок этади. Бу эса давлат ва хусусий секторнинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтириб, аҳолининг кенг қамровли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширади.
Давлат тиббий суғуртаси механизмларига кўра, туман, вилоят ва республика шифохоналарида касалликнинг оғирлик даражасига қараб бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади. Шунингдек, имтиёзли тоифага кирувчи шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.
2025 йилдан бошлаб режалаштирилган ўзгаришлар
2025 йил 1 июлдан эътиборан давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда режалаштирилган стационар тиббий ёрдамдан электрон навбат асосида бепул фойдаланиш имконияти яратилади. Ушбу имтиёз жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар, солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар, шунингдек, вояга етмаганлар, талабалар, ишсизлар, ҳомиладор аёллар, икки ёшгача бўлган болалар парвариши билан шуғулланувчилар ва давлат пенсияси олувчилар ҳамда кам таъминланган оилаларнинг аъзолари учун амал қилади.
2027 йил учун белгиланган йирик ислоҳотлар
2027 йил 1 январдан бошлаб, давлат тиббий суғуртаси тизимида камида 6 ой давомида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаган шахслар юқори технологиялик тиббий ёрдамдан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу давлат томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги молиявий юкни камайтиришга қаратилган муҳим чора бўлиб, замонавий тиббий хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини замонавийлаштиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, аҳолига тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Бу ислоҳотлар мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Умиджон Қурбонов, ЎзА