Шу йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларни юқори савияда ташкил этиш, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказиш — сайлов иштирокчилари ҳамда депутатликка номзодларнинг сиёсий билим ва кўникмалари билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларнинг сиёсий билимларини бойитишга, уларни зарур услубий қўлланмалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Жиззах вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилган ўқув-семинарларида партиядан маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг сайлов жараёни билан боғлиқ билим ва кўникмалари оширилди.
Ўқувларда Марказий кенгаш вакиллари, фракция аъзолари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан сайлов қонунчилиги, партиянинг ўтган йиллардаги фаолияти, янги Сайловолди дастури бўйича маърузалар қилинди, ўзаро тажриба алмашилди.
Шунингдек, бу йилги сайловлар аввалгиларига нисбатан кучли рақобат муҳитида ўтиши, бу эса партия ташкилотлари ва номзодлардан янада масъулият талаб этиши таъкидланди. Бундан ташқари, партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсад-вазифалар моҳияти ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтилди.
Семинарларда депутатликка номзодларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
М.Комилова, ЎзА