Нукус шаҳридаги “Дўстлик” майдонида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан ташкил этилган “Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!” шиори остида кенг қамровли тадбирларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев иштирок этиб, йиғилганларни ёшлар иштирокидаги тадбирларнинг очилиши билан қутлади.
Сўнгги йилларда юртимизда ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг асосий йўналишларининг бирига айланиб бормоқда. Айниқса, Президентимиз томонидан қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, улар орасидан кўплаб иқтидорли, шунинг билан бирга юртимиз ривожи йўлида муносиб ҳисса қўшадиган ёшларнинг етишиб чиқишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Уч кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси “Қувноқлар ва зукколар” жамоасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тузилмалари, спортнинг жанговар тури бўйича ёш спортчиларнинг чиқишлари, “Ёшлар жинояти ва ҳуқуқбузарлигидан ҳоли маҳалла”, “Ёшларгa энг кўп ёрдам кўрсатган тадбиркор”, “Хавфсиз ва равон йўл” лойиҳалари , “Заковат” ўйини, “Дилларда Ватан мадҳи” шиори остида қўшиқ ва шеърият кечаси, волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” спорт мусобақаси, “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида экскурсия ва бошқа қизиқарли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Очилиш маросими давомида ўтказилаётган тадбирлардаги фаоллиги ва алоҳида қобилияти учун бир қатор ёшлар муносиб тақдирланди.
Тадбир санъат ва маданият ходимларининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.