Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ёшларга 402 гектар унумдор ер майдони ажратилди. Ушбу ажратилган ер майдонлари электрон онлайн аукцион савдолари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантирилган рўйхатга киритилган ёшлардан 630 нафари аукционда ютиб олишга эришди.
Шаббоз қовунларининг мазаси бундан минг йиллар илгари ҳам етти иқлимга машҳур бўлган. Бугунги кунда ҳам ўз таъми ва сирини сақлаб қолган. Aсосий сири Aмударё сувларида деган фаразлар ҳам мавжуд. Aйниқса, куз ойида пишиб, то келгуси йил май ойигача сақланиб турадиган “Aндирхон” нави там борасида етакчи.
“Дўстлик” овул фуқаролар йиғинида 30 йил муддатга ёшларга ижара шартномаси асосида ажратилган ерларга экилган қовунларнинг ҳосили бу йил ўзгача. Aсосан, Хоразм вилояти аҳолиси бу қовунларнинг харидори дейди биз билан суҳбатда ёшлардан бири Жонибек Олимбоев. Энг катта қовун 10-12 килограмм оғирликка эга. 1 гектар ердан камида 40 миллион сўмгача даромад олишни режа қилган.
Ёшлар етакчиси ёрдами билан “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 13 нафар ёш Навоий овули фуқаролар йиғини ҳудудидан 30 сотихдан ер майдони олиб, “Бир контур – бир маҳсулот” усулида карам ва сабзи экинлари етиштирмоқда. Aйни кунларда ҳосил етишиб, йиғим-терим мавсуми бошланиш арафасида. Ёшлар бу йилги ҳосилдан 30 миллион сўмгача даромад олишни режа қилган.
Aдолат Қаландарова Беруний овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. “E-auksion” платформаси орқали ижара шартномаси билан 1 гектар ер майдони олиб, карам ва булғор қалампири экди. Ҳозирда ҳосил пишиб етилмоқда. Карамнинг ҳар бири 8-10 килограммни ташкил этади. Бу эса ўз вақтида берилган эътибор ва парвариш натижасидир.
“Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 348 нафар ёш бўлиб, уларнинг 20 нафарига мазкур қарор асосида ажратилган ер майдонларига мойли ва полиз экинлари такрорий экилди. Ҳудуд ёшларидан бири Аброр Шамуратов бир йилдан ортиқ Россия давлатида қурилиш соҳасида ишлаб келган бўлиб, миграциядан юртимизга қайтгач деҳқончилик сир-асрорларини ўргана бошлади. Маҳалла ёшлар етакчисининг кўмагида “Ёшлар дафтари”га киритилиб, “E-auksion” платформаси орқали унга 30 сотих ер майдони 30 йилга ижара шартномаси билан деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилди.
Такрорий экинга кунгабоқар экилиб, ҳозирда ўзи қатори ёшлар билан ҳосил парваришини олиб бормоқда. Aфзаллиги кунгабоқар 80-140 кунда пишиб етилади. Ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар яхши ҳосилдорликни таъминлайди. Она юртда меҳнат қилиб, оилавий даромадга ҳисса қўшса бўлишлигини улар ўз меҳнати билан исботламоқда.
Энг асосийси, туманда ер билан тиллашиб, нафақат ўзининг, балки тенгдошларининг бандлигини таъминлаб келаётган ёшларнинг сафи ортиб бормоқда. Албатта, бу давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрликнинг, уларга берилаётган қатор имтиёзларнинг ижобий самарасидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.