Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC маълум қилишича, Саудия Арабистонида Маълумотлар ва сунъий интеллект бошқармаси (SDAIA) томонидан ташкил этилган учинчи Жаҳон сунъий интеллект саммити давом этяпти.
Анжуманда Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад Ал-Малик бошчилигидаги делегация ҳам қатнашяпти.
Ар-Риёддаги Қирол Абдулазиз халқаро конференция маркази қароргоҳида маҳаллий, минтақавий ва халқаро арбоблар, иқтисодий сиёсатчилар, фикр етакчилари ва мутахассислар тўпланган. Улар қатор сессия ва семинарларда дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳамкасблари билан соҳа аспектлари, ривожланиш ва келажакни шакллантириш билан боғлиқ кўплаб долзарб мавзуларни муҳокама қилмоқда. Тадбир дастурида “Сунъий интеллектни бошқариш ва ривожлантириш тамойиллари”, “Сунъий интеллект асрида саноат рақамли трансформациясини тезлаштириш” мавзуларига оид жами 150 дан ортиқ маъруза режалаштирилган.
ISESCO раҳбари Подшоҳлик билан ҳамкорлик самараси ўлароқ ишга тушадиган “Ислом дунёси учун сунъий интеллект бўйича Ар-Риёд Хартияси”ни эълон қилади.
“Сунъий интеллектда стратегик бошқарув: қонун ва ахлоқ орасида” мавзусидаги ишчи сессияда Буюк Британиянинг “Oxford Insight Foundation” бош директори Ричард Стирлинг, “Ўмон Султонлигида олий ўқув юртидан кейинги таълим, тадқиқот ва инновация бўйича амалий тадқиқот” дастурида Технология ва фан университети вице-президенти Саид Жабуб, шунингдек Париждаги рақамли муҳандислик мактаби сунъий интеллектни қўллашда этика масаласи бўйича профессори Эммануэль Жоффе чиқиш қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА