Остона шаҳрида давом этаётган «V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари»нинг ортда қолган беллашувлари сарҳисобига кўра, мамлакатимиз вакиллари 11 та олтин, 12 та кумуш, 9 та бронза, жами 32 та медаль билан умумжамоада 2-ўринда бормоқда.
Кеча ўтказилган кураш мусобақаларида спортчилар -60, -66, -73 ва курашчи қизлар -57 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун беллашди.
50 нафардан ортиқ курашчилар иштирок этган беллашувлар кескин ва муросасиз ўтди. Аёллар ўртасида мезбон мамлакат вакили Тўлганай Абеуова ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Маҳоратли спортчиларимиз Муродил Муродиллоев, Отабек Ҳасанов, Жамшид Йўлдошев ўз вазнларида олтин медаль соҳиби бўлди. «V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари»нинг театрлаштирилган этно спорт тадбирлари кенг майдонда давом этмоқда.
Унда энг яхши ҳунармандларнинг кўргазма-ярмаркаси, миллий фольклор усталарининг анъанавий мусиқа танлови ўтказилмоқда. Миллий таомлар фестивалида қозоқ халқининг меҳмондўстлиги намойиш этилиши асносида Халқаро кураш ассоциацияси томонидан халқимизнинг қардош қозоқ халқига дўстлик ва бирдамлик намунаси сифатида ўзбек миллий таоми ош тортиқ этилди.
Эслатиб ўтамиз, анъана тусини олаётган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг бу галги тадбирларида 89 та мамлакатнинг 2 минг 800 нафарга яқин спортчилари қатнашмоқда. Ўйинлар 13 сентябргача давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА