Бугун, 11 сентябрь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Кеча ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳамда Олимпиадага қуръа ташлаш тадбири ташкил этилди.

Қуръа натижасига кўра, Владимир Крамник мураббийлигидаги Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидовдан иборат Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 1-турда Тринидад ва Тобаго шахматчиларига қарши баҳс олиб боради.

Алексей Дреев устозлигидаги Афруза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржоновадан иборат Ўзбекистон аёллар терма жамоаси илк турда Гаити вакиллари билан куч синашади.

Айтиш лозим, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси икки йил муқаддам Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг амалдаги ғолиби сифатида чемпионликни ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси баҳсларининг эркаклар гуруҳида 197, аёллар гуруҳида эса 184 та терма жамоа иштирок этмоқда.

11 турдан иборат олимпиада мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари 22 сентябрда аниқланади.

Шиддатли кечадиган «ақл жанглари»да ҳамюртларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Т.Рўзиев, ЎзА