Перунинг собиқ президенти, келиб чиқиши япониялик Альберто Фухимори узоқ давом этган саратон касаллигидан сўнг 86 ёшида вафот этди. Бу маълумотни сиёсатчининг қизи Кейко тасдиқлади.

Фухимори Перуни 1990-2000 йиллар оралиғида бошқарган. Шундан сўнг у ҳокимиятни суистеъмол қилиш, коррупция ва инсониятга қарши жиноят содир этишда айбланиб, 15 йилдан кўп умрини панжара ортида ўтказган. Сиёсатчи 2023 йил касаллиги туфайли, гуманитар сабабга кўра озод этилган.

Унинг даври тажовузкор нео либерал иқтисодий сиёсат, кенг миқёсли хусусийлаштириш, иқтисодиёт ва бандликдаги давлат улуши қисқариши билан ажралиб туради. Конгрессни назорат қилган мухолифат қаршилигига дуч келгани учун Альберто давлат тўнтаришини амалга оширишга қарор қилди. Ҳарбийлар билан тил бириктириб, судларни тарқатиб юборди, конституцияни амалдан тўхтатиб қўйди ва саккиз йил муваққат ҳукуматни бошқарган парламентни ҳам тарқатди.

Фухимори кўп йил давомида мамлакатни қўрқувда ушлаб турган сўл маочилар гуруҳи – “Сендеро Луминосо” (Ёрқин йўл)ни деярли йўқ қилишга муваффақ бўлди. Афсуски, терроризмга қарши олиб борилган бу кураш инсон ҳуқуқи жиддий бузилиши ҳолатлари билан кечгани айтилади.

Суддан кейин собиқ раҳбар ўлим отряди лақабини олган Перу армияси разведка гуруҳи ҳаракати учун билвосита жавобгар, деб топилди. Зеро, сўл қанот террорчиларига қарши тезкор курашиш учун ташкил этилган 38 кишидан иборат “Ўлим эскадрони” номли махсус бўлинма “Ёрқин йўл” аъзоларини жисмонан йўқ қилиш, ўғирлаш ва қийноққа солиш билан шуғулланган. 1991-1992 йиллардаги амалиёт туфайли кўплаб бегуноҳ одамлар – университет амалдорлари, фаоллар қайта-қайта азоб чекди, ҳаётдан кўз юмди. Ўлим эскадронининг камида тўрт миссияси кейинчалик “Қирғин” номи билан тарихга кирди.

Суд хулосасига кўра, Фухимори олий лавозимда ишлаган йиллари мамлакат коррупция ботқоғига ботиб, унинг ўзи камида 200 миллион долларни ўзлаштирган. У “Ёрқин йўлчилар”га қарши уруш пайти судсиз, сўроқсиз ўлдиришга буйруқ берганлик, порахўрлик, журналист, сиёсатчи ва тадбиркорлар телефонини ноқонуний эшитиш ҳамда порахўрликда айбланган.

Июль ойида марҳумнинг қизи отаси 2026 йил президентликка номзодини қўйиш ниятидалиги, умрининг охиригача сиёсатда қолишини айтди. Бинобарин, кўриниб турибдики, сиёсий тақдири чигалликдан иборат собиқ президентнинг нияти амалга ошмади.

С.Раҳимов, ЎзА