Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Маҳаллабай” ва “Маҳалла еттилиги” иш услублари жамиятимиз ҳаётидаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Бу борада Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ҳам “Маҳаллабай” услубида иш олиб бориш йўлга қўйилган. Жумладан, ҳар бир маҳалла ҳудудига бюро органларининг бир нафар давлат ижрочиси бириктирилиб, мунтазам равишда фаоллар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Бюро иш юритувидаги ижро ҳужжатлари давлат ижрочиларига маҳаллалар кесимида тақсимланган бўлиб, давлат ижрочилари фуқароларга қарздорликни ўз муддатида тўлаши, акс ҳолда, қўшимча ижро йиғими қўлланилиши мумкинлиги, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб келмоқда. Қолаверса, бюро ходимлари маҳалла раиси ва фаоллари билан ҳам яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиб, ажрашган оилаларни яраштириш, имкони бўла туриб давлат бюджети ва тегишли дафтарларга ундирилиши белгиланган жарималар ва давлатга етказилган зарарларни тўламасдан юрган маҳалладаги фуқароларга тушунтириш ишлари олиб бориш каби ишларни амалга оширмоқда.

– Мазкур амалиёт услуби ҳозирда ўзининг ижобий самарасини бериб, ижро ҳужжатлари ва суд қарорларининг ўз вақтида ижроси таъминланишига эришилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси катта инспектори Асқар Отепов. – Хусусан, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 3 триллион 251 миллиард сўмлик ижро ҳужжатининг ижроси таъминланди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 27 миллиард сўм йўналтирилди. Вояга етмаган фарзандларни моддий таъминлаш мақсадида жами 52 миллиард сўм алимент пули ундирилди. Алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган қарздорларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноят иш қўзғатилди. Шунингдек, 1 минг 214 нафар алимент тўловчи қарздор ўтказилган меҳнат ярмаркалари орқали иш билан таъминланган бўлса, 1 минг 608 та ажрашган оилани яраштиришга эришилди.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2022 йилда ўтказилган мажлис буйруғига асосан даъвогар Г.А.нинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун қарздор С.Н.дан алимент ундириш белгиланган эди. Ўтган вақт мобайнида маҳалла раиси, фаоллари ҳамда Бюронинг давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ажрим олдида турган оиланинг қайта тикланишига эришилди. Бундан сўнг, ундирувчи суд ҳужжатига асосан ундирилиши белгиланган алимент пулларидан воз кечишини билдиради ва ижро ҳаракатлари тугатилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.