Бундан 30 йил муқаддам, яъни 1994 йил 4 сентябрь куни Халқаро Олимпия қўмитаси Париж шаҳрида ўтган сессиясида таэквондо WТ спорт турининг расман Олимпиадага қабул қилинганини эълон қилган.

2000 йил Австралиянинг Сидней шаҳридаги Олимпия ўйинларида илк бор таэквондо баҳслари ўтказилди.

2006 йил Вьетнам пойтахти Хошимин шаҳрида Бош Ассамблея томонидан 4 сентябрь санаси «Бутунжаҳон таэквондо куни» деб эълон қилинди. Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган мазкур спорт тури ёшларимиз орасида жадал оммалашмоқда. Муҳими, ёшлар орасида бу соҳада юксак марраларни забт этаётган спортчилар камол топмоқда.

Ҳозирги кунда Улуғбек Рашитов, Шуҳрат Салаев, Жасурбек Жайсунов, Светлана Осипова, Озода Собиржонова, Феруза Содиқова, пара таэквондо бўйича Асадбек Тоштемиров, Гулжаной Наимова ҳамда Зиёдахон Исоқова каби Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионлари бор. Уларга ҳавас қилган ҳолда мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланаётганлар сони 30 мингга яқинлашди.
Кейинги йилларда таэквондо WT спорт тури бўйича эришилаётган ютуқлар сони ортиб, янгидан янги марралар забт этилмоқда. Бунга мисол қилиб жорий йилда Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Улуғбек Рашитовнинг ўз фаолиятида иккинчи олтин медални қўлга киритгани ва мамлакатимиз таэквондо тарихида янги саҳифа очганини келтириш мумкин.

Шунингдек, У.Рашитов ўтган йили Париж шаҳрида ўтказилган Гран-при мусобақасида ғалаба қозониб, кетма-кет икки бор турнир чемпионига айланган илк ўзбек таэквондочиси бўлган эди. Шу билан бирга, юртимизда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани натижасида 2022 йил Светлана Осипова жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган, «Париж-2024» Олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик аёл таэквондочига айланди.

Бундан ташқари, бир неча кун аввал Париж шаҳрида ўтаётган XVII Паралимпия ўйинларида ҳамюртларимиз Асадбек Тоштемиров олтин, Гулжаной Наимова ҳамда Зиёдахон Исоқова кумуш медаллари билан тақдирланди.

Бу ютуқлар замирида юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси томонидан олиб борилаётган тизимли ва аниқ режа асосида олиб борилаётган самарали ишлар мужассам. Умид қиламизки, ўзбек таэквондочилари ютуқлари бардавом бўлади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА