Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан бир гуруҳ 100 ёшдан ошганлар “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Улар сафида Тўрткўл тумани “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Садат момо Абдуллаева ҳам бор.
Онахон кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ишлади. Кейинчалик давлат муассасаларида иш юритди. Умри давомида фарзандларига ҳалол меҳнат қилишни ўргатди.
Байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов онахон хонадонида бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги билан қутлади ва “Шуҳрат” медалини топширди. Шунингдек, туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари томонидан совғалар берилди.
Ўз навбатида онахон кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз бахтли бўлишини тилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.