Тадбиркорлик субъектларида қуёш панелларини ўрнатиш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда истеъмолдан ортган қисмини тармоққа узатиш орқали қўшимча даромад қилиш бўйича божхона органлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ вакиллари Нукус шаҳридаги қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди. Мамлакатимизнинг қуёш панелларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида таъминлаш мақсадида жорий йилнинг июнь ойида 10 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига янги лойиҳа ишга туширилди. Ўтган қисқа вақт давомида корхона томонидан 600 кВт қувватли қуёш панеллари ишлаб чиқаришга эришилди. Корхонанинг ўзига ҳам 125 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Нукус шаҳрида жойлашган акциядорлик тижорат банклардан бирига ўрнатилган 64 кВт, маиший техника ишлаб чиқариш корхонасига ўрнатилган 41 кВт қувватдаги қуёш панелларининг ишчи ҳолати билан танишди. Корхонага қуёш панеллари ўрнатиш ҳажмини янада ошириш ва бу орқали энергия тежамкорлигига эришиш бўйича тавсиялар берилди. Экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишнинг имкониятлари тарғиб қилиниши натижасида Хўжайли туманида жойлашган масъулияти чекланган жамиятлардан бирига 10 кВт қуёш панеллари ўрнатиладиган бўлди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.