Гавана шаҳрида бокс бўйича «IBA Чемпионлар оқшоми»да Куба терма жамоаси ва жаҳон терма жамоаси рўбарў келди.
Мазкур бокс оқшомида жаҳон терма жамоаси таркибида ўзбекистонлик икки нафар боксчи рингга кўтарилди.
Ҳамюртимиз Мадиёр Саидраҳимов бокс кечасининг марказий жангида икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, беш карра жаҳон чемпиони Хулио Сезар ла Крусга қарши жанг ўтказди. Жанг олдидан ҳар икки давлат мадҳиялари янгради. Ўн раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди. Ҳакамлар қарори билан ғалаба мезбон боксчига тақдим этилди.
Истеъдодли боксчимиз Мужибилло Турсунов 6 раундлик жангда уч карра Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори, уч карра жаҳон чемпиони Ласаро Альварес билан куч синашди ва очколар ҳисобида имкониятни бой берди.
Ҳар икки боксчимиз иштирокидаги жангларда ҳакамлар қарори асосида рақибларига ғалаба тақдим этилган бўлсада, улар шарафига Гавана шаҳрида мадҳиямиз янгради.
Т.Рўзиев, ЎзА