АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида поёнига етиб бораётган «Sinquefield Cup-2024» турнирининг 8-туридаги барча учрашувлар дуранг билан якунланиши ортидан франциялик Алиреза Фирузжа ғолибликни деярли таъминлаш остонасига яқинлашган бўлса, ундан 1 очко ортда қолаётган Фабиано Каруана асосий таъқибчига айланиб олди.

Бугун, 28 август куни ўтказиладиган 9-тур ўйинлари нуфузли турнирда ўринлар тақсимотида кимнинг қайси поғонадан жой олишини белгилаб беради.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов сўнгги тур баҳсида оқ доналарда Ян Непомняший билан куч синашса, муддатидан аввал ғолибликка асосий даъвогарлигини кўрсатишга улгурган Алиреза Фирузжа оқ доналарда Рамешбабу Прагнанандха билан рўбарў келади.

Шунингдек, 9-турда шахмат ишқибозлари Доммараджу Гукеш – Уэсли Со, Фабиано Каруана – Аниш Гири, Максим Вашье Лаграв – Дин Лижэнь учрашувларига гувоҳ бўлади.

Кеча поёнига етган 8-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда жаҳон чемпиони Дин Лижэнга қарши ҳаракатланди. Тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг 23-юриш ҳолатидаги уч марта қайта юриш вазиятида томонлар муросага келди. Ушбу дуранг ўз навбатида, Нодирбек Абдусатторовга очколари сонини 4 тага етказиши асносида турнир жадвалининг 4-поғонасига кўтарилиб олиш имконини яратди.

Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб айтиш мумкинки, Нодирбек Абдусатторов – Ян Непомняший «дуэли»да ҳамюртимиз ғалабага эришсаю, Фабиано Каруана Ниш Гирига имкониятни бой бериб қўйса, ҳамюртимиз ўз-ўзидан мусобақани 2-ўринда якунлаб, мукофот жамғармасида белгиланган 65 минг АҚШ долларига эга чиқади.

Т.Рўзиев, ЎзА