Қарор ва ижро

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ташаббуси билан жорий йилнинг шу пайтига қадар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида пахта ва ғалла етиштирувчи субъектларда 2 миллион гектар суғориладиган ер майдонининг 10 фоизига алмашлаб экиш ишлари таъминланди.

Белгиланган 206,3 минг гектар майдоннинг 161,3 минг гектарига алмашлаб беда ва бошқа чорва озуқа экинлари экилди.

Шунингдек,  фермер хўжаликларидаги жами 430,2 минг гектар асосий майдонларининг 33,2 минг гектарига янги беда (87,7 минг гектар эски беда, 156,8 минг гектар чорва озуқаси учун ғалла мавжуд) 6,5 минг гектарига хашаки лавлаги, 32,7 минг гектарига оқжўхори, 82 минг гектарига силос учун маккажўхори ва 28 минг гектарига дон учун маккажўхори экилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган 63 та чорвачилик субъекти 1156 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан, 520 гектар ёмғирлатиб, 636 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этди.

Келгуси қишловни беталофат ўтказиш мақсадида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 21,8 миллион тонна дағал хашак, шундан, 6,7 миллион тонна сомон ҳамда 3,8 миллион тонна ширали озуқа жамғарилди.

Такрорий экин учун ғалладан бўшаган 244,4 минг гектар майдонга силос учун маккажўхори экилди.

Бундан ташқари, 92,5 минг гектар майдонга кузги оралиқ экинлар экилади.

Икром Аввалбоев, ЎзА