Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг божхона органлари томонидан Оролбўйининг барча ҳудудларида турли сайёр учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Жумладан, Божхона қўмитаси мутасаддилари Нукус шаҳридан 80 километр олисда жойлашган Қораўзак туманидаги тоғ жинсларидан вермикулит ажратиб олишга ихтисослашган корхонада бўлди. Қоратов тизмаларида жойлашган мазкур кондан қазиб олинаётган вермикулитдан қурилишда иссиқ-совуқни ўтказмайдиган изолятор сифатида, қишлоқ хўжалигида эса тупроқ намлигини сақловчи восита сифатида кенг фойдаланилади.
Эътиборли томони шундаки, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган технологиялар маҳаллий муҳандислар томонидан лойиҳалаштирилган. Бунинг натижасида, хориждан валюта сарфлаб, асбоб-ускуналар олиб келишга ҳам ҳожат қолмаган.
Қорақалпоғистонда ер қаъридан олинаётган вермикулит ички бозордан ташқари Туркия, Украина, Беларус ва Россияга экспорт қилинмоқда. Сўнгги уч йилда хорижга экспорт қилинган тайёр маҳсулот ҳажми салкам 1 минг 800 тоннани ташкил қилди.
Учрашув давомида маҳсулотга қўшимча қиймат киритиш, экспорт географиясини кенгайтиришга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур жараёнларда божхона органлари томонидан ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.