Нукусда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди томонидан қўллаб-қувватланадиган ЮНИCЕФнинг “Қорақалпоғистон Республикасининг тўртта туманида иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва энг кўп жабрланган жамоаларни хавфсиз сув, канализация, гигиена ва соғлиқни сақлаш хизматлари билан таъминлаш” лойиҳаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда ФAОнинг “Оролбўйи минтақасидаги аҳолининг экологик муаммоларни ҳаво сифати, ер ва сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувлар орқали ҳал қилиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш” қўшма лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши Оролбўйидаги жиддий экологик ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ҳал этишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларда муҳим босқич бўлди.
ЮНИCЕФ лойиҳаси Мўйноқ, Қўнғирот, Бўзатов ва Тахтакўпир туманларидаги 15 минг нафардан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви ва иқлимга чидамли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, у Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ўнта маҳаллада маълумотлар асосидаги, иқлимга чидамли сув, санитария ва гигиена ечимлари мониторинги тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, 5 минг 100 нафардан ортиқ бола ва ўсмирни инклюзив иқлимга чидамлилиги бўйича билимини оширишдан иборат.
Ҳозирги дунёда сув, гигиена, санитария хизматлари, шунингдек, мактаблар ва соғлиқни сақлаш марказлари иқлим ўзгаришига чидамли бўлиши муҳим аҳамият касб этади. ЮНИCЕФнинг ушбу дастури ўнта чекка ҳудудда сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ва сув тармоғини қуришни назарда тутади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда ФAОнинг қўшма лойиҳаси маҳаллий ҳамкорлар ва ҳамжамиятларга экологик хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган. У ҳаво, ер ва сувни бошқариш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқиш, жамиятларнинг иқлим ўзгаришига мослашиши ва уни юмшата олишини таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида минтақада сувни тозалаш, ўрмонларни тиклаш ва тупроқни барқарорлаштириш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Дастур давом этаётган Орол денгизи инқирозидан келиб чиқадиган Оролбўйи минтақасида кўплаб хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун мўлжалланган. Ушбу ёндашув инсон хавфсизлиги концепцияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, атроф-муҳит, озиқ-овқат ва саломатлик хавфсизлиги масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, БМТнинг “Инсонга йўналтирилган, иқлим шароитига чидамли бирламчи тиббий ёрдам ва сув, соғлиқни сақлаш муассасалари ва мактабларда санитария ва гигиена амалиёти учун пойдевор қўйиш” қўшма дастури Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Қўнғирот туманлари ва Нукус шаҳридаги соғлиқни сақлаш соҳасида яхши натижаларга эришди. Ушбу дастурнинг асосий ютуқлари қаторига инновацион молиялаштириш механизмига эга бўлган янги бирламчи тиббий-санитария ёрдами модели жорий этилди. Бу соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлади ва умумий тиббий қамровга асос солди. 826 нафардан ортиқ тиббиёт ходими ўз малакасини ошириб, 250 минг нафарга яқин киши уларнинг хизматидан фойдаланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2024 йилларни қамраб олган бачадон бўйни саратони скрининги лойиҳаси ушбу касалликни эрта аниқлаш ва даволашни такомиллаштиришга қаратилган эди. 35-55 ёшдаги жами 56 минг нафар аёл синовдан ўтказилди. Лойиҳа доирасида 500 нафардан ортиқ тиббиёт ходими ўқитилди ва 8 та одам папиллома вируси (ОПВ) тест лабораториясини ташкил этди. Бу эса диагностика ва даволаш имкониятларини сезиларли даражада оширди. Ушбу касаллик аниқланган 1 минг 23 нафар аёлни ўз вақтида даволаш бошланиб, ўлимга олиб келадиган касалликнинг ривожланиш олди олинди. Кенг қамровли скрининг дастури 2030 йилга бориб 3 минг 265 нафар кишининг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиқни сақлаш харажатларини 29 миллион AҚШ долларига камайтириш имкониятини беради.
Ушбу ташаббусларнинг муваффақияти ЮНИCЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, UNFPA, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Давлат тиббий суғурта жамғармаси, Қорақалпоқ давлат университети, Глобал яшил ривожланиш институти каби ҳамкорларнинг бебаҳо кўмаги ва ҳамкорлиги самарасидир.
2018 йил охирида ташкил этилганидан бери Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди 16 миллион AҚШ доллари миқдоридаги тўққизта қўшма дастурни қўллаб-қувватлади ва 294 минг нафардан ортиқ киши, жумладан, ёшлар, аёллар ва кексалар учун фойдали бўлди. Ушбу дастурлар қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Оролнинг қуриган тубида биохилма-хилликни тиклаш, иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Қорақалпоғистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.