– Тадбиркор, Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг Францияда қўлга олиниши ҳеч қандай сиёсий мазмунга эга эмас, – деб ёзди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу мамлакат Президенти Эммануэль Макрон. – Бу иш ҳали якунланмаган тергов доирасида амалга оширилган.
Шунингдек, барча қарорлар судьялар томонидан қабул қилинади. Адлия тизими қонун ҳурмат қилинишини таъминлашга масъул мустақил тизим. Франция сўз эркинлигини чекламасликка интилади ва технологик инновацияга ижобий муносабатда. Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда ижтимоий тармоқ ёки реал ҳаётдаги ҳар қандай эркинлик қонун билан белгиланган доирада таъминланади ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлайди.
Дуров 24 август куни шахсий самолётида Парижнинг Ле Бурже аэропортига қўнаётганда ушланган.
TF1 телеканали хабарига кўра, мазкур воқеа Францияда олиб борилган тегишли тергов жараёни билан боғлиқ. Терговчилар фикрича, “Телеграм” маъмурияти ва мамлакат расмийлари ўртасида модерация йўқлиги ва етарли даражада ҳамкорлик қилинмагани гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш, фирибгарлик каби ҳолатларга қарши курашни мураккаблаштиради.