Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича якунига етган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз вакиллари муносиб натижаларга эришди.

20 дан ортиқ давлатнинг 700 нафар полвонлари иштирок этган жаҳон чемпионати баҳслари ёшлар, катталар ва ўсмир болалар ҳамда хотин-қизлар ўртасида ташкил этилди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари барча йўналишлар бўйича ўтказилган қизғин баҳслар сарҳисобига кўра, 19 та олтин, 21 та кумуш 16 та бронза медалини қўлга киритиб, барча йўналишлар жамланмасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.

Айтиш лозим, жаҳон чемпионати мусобақаларида Россия Федерациясининг 200 нафар, Қозоғистоннинг 120, мамлакатимизнинг 45 нафар спортчилари ўз йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Миллий терма жамоалар кўрсаткичларига биноан эстафетада катталар ўртасида 1-ўрин Ўзбекистон, 2-ўрин Россия, 3-ўрин Қозоғистон жамоасига насиб этди. Ёшлар ўртасида 1-ўрин Ўзбекистон, 2-ўрин Россия, 3-ўрин Қирғизистон вакилларига тегишли бўлди.

Жаҳон чемпионатининг ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларида умумжамоада россиялик спортчилар биринчи, мамлакатимиз вакиллари иккинчи, қирғизистонлик полвон ёшлар учинчи ўринни эгаллади.

Т. Рўзиев, ЎзА