Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номли ижод мактабида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Унда партия фаоллари, хайрихоҳлар, турли соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.
Дастурда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, малакали тиббий хизмат, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби 10 та йўналишда 100 га яқин мақсад белгилаб олинмоқда. Мисол учун, пенсия тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима бўйича тушумларни тўлиқлигича давлат бюджетига йўналтириш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш масалалари принципиал аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шунингдек, кредит механизмларини ижтимоий адолат принципига мувофиқлаштириш, гаровга қўйилган мулкни кредит олган шахсга сотиш имконини бериш билан билан боғлиқ ғоя кам даромадли фуқаролар учун муҳим аҳамиятга эга экани билдирилди. Муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда ижро ҳокимиятининг сиёсий партиялар билан маслаҳатлашиш институтини жорий қилиш масаласи депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Муҳокамада иштирокчилар таълим, соғлиқни сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.