Маълумки, 26-30 август кунлари YUNESCO шафелигида Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

Анъанага мувофиқ, бу гал ҳам юртимизга кўплаб нуфузли хорижий меҳмонлар қатори дунё ахборот маконида ўз ўрнига эга чет эл ОАВ вакиллари ҳам ташриф буюрмоқда. Улардан бири – Қатар Давлати етакчи босма нашри – “Аш-Шарқ” газетаси бош муҳаррири Жобир Салим Ал-Ҳармий бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон Кўрфаз Араб мамлакатлари, жумладан Қатар билан ўзаро стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатни изчил давом эттираётгани таъкидланди. Меҳмонга юртимиз медиа маконида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбек ва араб халқлари ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, туризм, коррупцияга қарши кураш, иқтисодиёт каби муҳим соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Жобир Салим Ал-Ҳармий “Аш-Шарқ” ЎзА билан мунтазам алоқани йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзаро алоқаларни замон талаби даражасида такомиллаштиришни назарда тутувчи меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш, келишув доирасида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба-малакасини тизимли ошириб боришга тайёрлигини билдирди.

– Ўзбекистонга илк бор ташрифимдан биринчи кунданоқ илиқ таассурот уйғонди, – деди Жобир Салим Ал-Ҳармий. – Айни пайт Қатар ва Ўзбекистон муносабатлари жадал ривожланмоқда. Айниқса, ҳар икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари натижасида алоқаларимиз янада мустаҳкамланяпти. Бизни умумий маданият, дин, тарих ва адабиёт бирлаштириб туради. Юртингизнинг буюк сиймолари бўлмиш Имом Ал-Бухорий, Имом Ал-Термизий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий каби алломаларни қатарликлар яхши билишади. Мамлакатларимиздаги муҳим воқеаларга оид ахборот алмашишда манба холис ва ишончли бўлиши жуда муҳим. Шу маънода, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан шериклик йўлга қўйилаётгани айни муддао. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақилликнинг 33 йиллиги байрами билан самимий табриклайман. Ҳар бир ўзбек хонадонига қут-барака, фаровонлик, юртингизга янада ободлик тилайман.

Маълумот ўрнида: 1987 йил ташкил этилган, қароргоҳи Доҳа шаҳрида жойлашган “Аш-Шарқ” газетаси Қатарда етакчи нашр ҳисобланиб, маҳаллий ва халқаро миқёсдаги воқеликларни профессионал, холис ёритиши билан ажралиб туради. Араб тилида чиқадиган бу нашр 2011 йил 50 та энг кучли онлайн араб газеталаридан бири сифатида “Forbes” рўйхатига киритилган. Газета веб-сайтига ойига 3 миллиондан кўп фойдаланувчи мурожаат қилади. Форс кўрфази минтақасидаги обуначилари сони 1 миллиарддан ошган.

Ўткир Алимов, Алимурод Мамадаминов (сурат), Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА