Учинчи йўналиш – ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш.

Мамлакатимизнинг етти ойлик экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиқди. Президент маҳаллий корхоналарни ташқи бозорга чиқишини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйилмоқда.

–Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказаяпмиз.

Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА