Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 август куни саноат корхоналари, IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш, маҳаллаларда аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини саноат салоҳияти билан танишишдан бошлади.

“Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонаси 2017 йилда ишга тушган, унда электр энергияси тармоғи учун кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. Жорий йил июнда бу ерда 10 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига қуёш панелларини ясаш лойиҳаси ишга туширилди. Ускуналар Корея Республикасидан келтириб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 273 минг дона.

Бу мамлакатимизда муқобил энергетикадан фойдаланиш борасидаги ишларда қўл келади. Ҳозиргача турли иншоот ва хонадонларда 600 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Мазкур жараён ҳали давом этади.

Қўшма корхона ички бозорда талаб юқори маҳсулотни маҳаллийлаштириш билан бирга 4 миллион долларлик экспорт имкониятига ҳам эга бўлди. 70 киши иш билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари иш жараёнини кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга бундай корхоналарни кўпайтириш, уларда бозор талаби юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда тармоқ корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.

Заводнинг ўзида ҳам 125 киловатт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Ундан олинган электр ички эҳтиёжлар учун ишлатилади, ортиқчаси ҳудудий электр тармоғига сотилади.

Сўнгги йилларда юртимизда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Шунингдек, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда. Умуман, 2030 йилгача энергетика балансида қайта тикланувчи қувватлар улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Охирги етти йилда Қорақалпоғистон Республикасида 17 триллион 800 миллиард сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган. Уларнинг натижасида 56 мингта иш ўрни яратилган. Шу даврда 2 миллиард 815 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 миллион долларлик 470 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу изчил давом эттирилиб, Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1 миллиард 800 миллион долларлик 10 та лойиҳа давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.

Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Масалан, Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.

Мазкур 124 та лойиҳа натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари ишбилармонларга ҳар томонлама мададкор бўлиб, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди, савдо мажмуалари ишга туширилди.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожи ҳақида сўзлади.

Бунинг учун ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги беш йилда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам яратиб берилмоқда.

Имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолган.

Ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.

Биргина ўтган йилда 345 миллион долларлик 1 минг 400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 730 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Қорақалпоғистонда чет эл капитали билан ташкил этилган корхоналар сони ҳам кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 73 та хорижий ва қўшма корхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 175 тага етди.

Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025-2028 йилларда босқичма- босқич ишга туширилади. Натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ва бюджетга 500 миллиард сўм қўшимча тушум яратилади.

Давлатимиз раҳбари қурилиши бошланаётган ва ишга туширилаётган мажмуаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Юртимиздаги иқтисодий ўсиш суръатлари энергетика соҳасида улкан вазифаларни қўймоқда.

Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Йил якунига қадар қўшимча 1,5 гигаватт қувватлар тармоққа уланиб, “яшил” энергия улуши 15 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа амалга оширилмоқда.

Президентимиз бунда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Нуфузли тадқиқот институтлари ҳисоб-китобларига кўра, Қорақалпоғистонда 680 гигаватт қуёш, 120 гигаватт шамол энергияси салоҳияти бор.

2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига, жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 35 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади.

Қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.

19 август куни ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари бошланди. Биринчиси, Хитойнинг “Sany Renewable” компанияси томонидан Қўнғирот туманида қуриладиган қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик, 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси. Иккинчиси, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Беруний ва Қораўзак туманларида ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси.

Келгусида уларда йилига 4 миллиард 200 миллион киловатт соат ёки 1 миллион 750 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Натижада қарийб 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва атмосфера зарарланиши қарийб 2 миллион тоннага қисқаради.

Аҳамиятлиси, бу билан бир пайтда Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда. Натижада йилига 1 000 мегаватт қувватли шамол турбина қисмлари ва 120 та минорани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади. Бундан ташқари, Нукус туманида 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шаҳар ва туманларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалалари ҳам эътиборда. Шу кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Маросимда улардан иккитаси – Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари очилди.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Барчани мамлакатимиз иқтисодиётида катта аҳамиятга эга ушбу лойиҳалар билан табриклади.

Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиалини бориб кўрди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланмоқда. Етти йил олдин юртимизда IT компаниялари сони 147 та бўлган бўлса, бугунги кунда 2 мингтадан ошди. Уларда 30 минг нафар ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 минг нафардан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланаяпти.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида шу соҳада экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва 300 минг нафар ёшни иш билан банд қилиш режалаштирилган. Чекка ҳудудларда ҳам IT-шаҳарчалар ташкил этишга киришилган.

Хусусан, Қорақалпоғистонда IT-парк резидентлари сони ўтган йил якунига нисбатан бугунги кунда уч баробарга ошиб, 108 тани ташкил этди. Улар томонидан 310 нафар мутахассис иш билан таъминланган. 2024 йилнинг биринчи ярмида хизматлар ҳажми 2,4 баробарга, экспорт ҳажми эса 1,7 баробарга кўпайди.

Таълим резидентлари томонидан 25 минг нафар ёш ва давлат хизматчилари ўқитилиб, малакаси оширилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида онлайн платформа орқали 2023 йилда 18 минг нафар ёш ўқитилган бўлса, 2024 йилнинг шу кунига қадар 29 минг нафар ёш ўқитилди. Жорий йил 33 мингдан зиёд ёшга таълим бериш режалаштирилган.

Бу натижалар яратилган шароит инъикоси. Давлатимиз раҳбари 2021 йил ҳудудга ташрифи чоғида IT-парк учун янги бино қуриш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, Нукус шаҳри марказида 17 қаватли замонавий бино бунёд этилди. Бу ерда IT-таълим ва коваркинг марказлари, офислар, конференция зали ва хизмат хоналари мавжуд. Шунингдек, бинога IT-парк резидентлари, соҳада фаолият олиб бораётган инвесторлар, чет эллик аутсорсинг корхоналар жойлаштирилади. Илгари икки қаватли бинода очилган IT-парк бугун муҳташам мажмуага кўчгани режалар улканлигидан дарак беради.

Президентимизга бинода бажарилган ишлар, соҳадаги натижалар ва режалар ҳақида ахборот берилди.

Масалан, аввал АҚШнинг Амазон компаниясида ишлаган қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов юртига қайтиб, ўзининг HUPO стартапига 4 миллион доллар сармоя жалб қилган. Давлатимиз раҳбари у билан суҳбатлашиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Давлатимиз раҳбари IT-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикрларини тинглаб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

– Бу соҳада стартапларни ҳаётга татбиқ этсак, ҳам тармоқларда натижадорлик ошади, ҳам давлат харажати камаяди, ҳам ёшлар учун иш ўринлари пайдо бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бинода UZINFOCOM марказининг филиали ҳам жойлашган. Марказ ҳудуд ёшларини uStudy дастури орқали замонавий касбларга ўқитади. Малакаси оширилган кадрлар ўз соҳаси бўйича замонавий компанияларга ишга жойлашади.

Президент барча ҳудудларда IT-парклар учун давлат-хусусий шериклик асосида шундай кўп қаватли бинолар қуриш зарурлигини таъкидлади.

– Уларда муҳит шундай бўлиши керакки, ёшлар ўзини эркин ҳис қилсин. Овқатланиш, дам олиш, спорт ва бошқа хизматлар мужассам бўлсин. Бинолар шаҳарлар марказида, ёшларга қулай жойда бўлгани маъқул, – деди давлатимиз раҳбари.

Мазкур IT-паркни Қорақалпоғистон туманларидаги мактаблар билан боғлаб, соҳага қизиққан ёшларни ўқитиш, келгусида юқори даромадли ишларга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига ҳам борди.

Бу марказ илгари эски бинода жойлашган эди, бир хонада 4-5 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Замонавий ускуналар учун мос келмай қолганди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда. Хусусан, шу йил февралда Нукус шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.

4 қаватли янги бинода шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кардиология, гинекология, педиатрия, лаборатория ташхиси ва амалиёт бўлимлари жойлашган. Барча бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. 130 ўринли янги мажмуада беморлар ва шифокорлар учун барча шароит яратилган. Бир хона икки кишига мўлжалланган, алоҳида санитар хоналари бор.

Бемор ҳаётини сақлаб қолишда вақт асосий ўринда туради. Шу боис марказда беморларни касаллик даражаси бўйича саралайдиган триаж бўлими ташкил этилган. Яъни мурожаат қилган инсон вақт йўқотиб, сарсон бўлиб юрмайди. Бу ерга шифокорнинг ўзи тушиб, беморни қайси соҳада даволаш зарурлиги бўйича хулоса қилади ва керакли бўлимларга йўналтирилади.

Олдин мурожаат қилган беморларнинг аксарияти шифохонада ётқизилган. Эндиликда муайян тиббий муолажалардан кейин, беморнинг ҳолатига қараб яшаш жойида амбулатор даволанишга рухсат берилади. Шунингдек, илгари юрак-қон томир касалликлари билан мурожаат қилган беморларга оддий текшириш усулларида ёрдам кўрсатилган. Энди янги келтирилган замонавий ангиография ускунаси инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда яхши самара бермоқда. Ўлим ва ногиронликка олиб келиш ҳолатлари кескин камайди.

Натижада бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда шу ернинг ўзида ўтказилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида илк маротаба сунъий қон айланиш аппарати орқали беш нафар беморнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти олиб борилди.

Мультиспирал компьютер томографияси, ультратовуш, лаборатория ускуналари касалликларга эрта ташхис қўйиш имконини бермоқда. Телемедицина орқали узоқдаги беморларни даволашга ҳам ҳисса қўшилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шифохонани самарали бошқариш, амалиётни ўқиш билан боғлаш масалаларига эътибор қаратди.

– Янги бино ва ускуналар ишнинг бир қисми. Энди марказ фаолиятига замонавий менежментни жорий қилиш керак. Тиббиёти ривожланган мамлакатлардан тажрибали шифокорларни муддатли жалб этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Умуман, бу марказ илмий-амалий тиббиёт академиясидек фаолият юритиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифокорлар ўз ихтисослиги бўйича бу ерда малака ошириб, ўз тажрибасини ҳудудларда жорий этиши муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этиш жоиз, Қорақалпоғистонда 2017-2024 йилларда: “Бир қадам” тамойили асосида 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Ихтисослаштирилган марказлар ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий этилди. Йилига 4500 нафар беморнинг Тошкент ва чет элга бормасдан юқори технологик ёрдам олиш имкони яратилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, йилига 11 минг нафар беморга туманларнинг ўзида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Кегейли туманидаги Жузимбағ маҳалласида бўлди.

Бу ерда 4 минг 300 нафарга яқин аҳоли яшайди. Учта мактаб, олтита боғча, етмишдан ортиқ тадбиркорлик субъектида аҳоли доимий иш билан банд.

Чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган бу ҳудудда 990 та хонадоннинг томорқаси бор. Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллий имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, деҳқончилик учун 174 нафар фуқарога 128 гектардан ортиқ ер узоқ муддатга ажратилган. Улар деҳқончилик қилиб, рўзғор учун қўшимча даромад қилмоқда. Иссиқхона ташкил этиб, йилига икки марта ҳосил олишни йўлга қўяётган оилалар сони кўпаймоқда.

Маҳаллада “Оrol Agro” корхонаси томонидан “Ёшлар узум боғи”  ташкил этилган. Унда 40 кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб берилган.

Воиш усулида парвариш қилинаётган бу токзорнинг қатор ораларидан ҳам омилкорлик билан фойдаланилмоқда. Турли сабзавотлар етиштирилиб, 400 тоннагача маҳсулот олинмоқда. Токлар тўлиқ ҳосилга кириши билан йилига қиймати 4 миллиард сўмлик 200 тоннага яқин маҳсулот олиниши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди.

Улар сўнгги йиллардаги имкониятлардан фойдаланиб, деҳқончилик учун ер олгани, полиз экинлари ва кўкатлар етиштириб, даромад топаётганини айтди. Режа ва ниятлари ҳақида гапирди.

– Сизларнинг ишли бўлганингизни, кўзингиздаги ишончни кўриб, хурсанд бўлдим. Ўзи менинг энг катта мақсадим шу – халқимни рози қилиш, бахтли кўриш. Қилаётган ишларимиз тўғри, фақат уни кенгайтиришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ёшларнинг таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун совуткичли омбор қуриш, эҳтиёжманд йигит-қизларнинг тўйлари ва шартнома тўловларига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу куни Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам драйвер йўналишларда инвестиция, иш ўрни, экспортни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Ўтган даврда Қорақалпоғистонда 1,4 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига 150 та лойиҳа ишга тушган. Тадбиркорлар 12 мингдан 25 мингга, тижорат майдонлари 1,5 миллион квадрат метрга кўпайиб, 212 минг киши доимий ишга жойлашган.

Бизнес ва инвестиция учун қулай муҳит натижасида тадбиркорлик ривожланаяпти. Масалан, фаолиятини микролойиҳадан бошлаган 13 минг тадбиркор кичик бизнесга, яна 351 таси ўрта бизнесга ўтди. Йиллик “айланмаси” 100 миллиард сўмдан юқори тадбиркорлар 43 тага етди.

Ижтимоий инфратузилма натижасини одамлар ўз ҳаётида кўрмоқда. Хусусан, мактабгача таълим қамрови 28 фоиздан 84 фоизга ошди. Янги 21 та мактаб қурилди, яна 243 таси тўлиқ таъмирланди.

Яқин-яқингача ўз уйига мулк ҳуқуқи бўлмагани сабабли 100 мингдан ортиқ аҳоли қийналиб келаётган эди. Бу муаммо ҳал бўлиб, 27 мингта хонадонда яшовчи фуқароларнинг уй-жойига бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди.

Қорақалпоғистонда Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ажратилди. Натижада, 316 километр ички йўл таъмирланди, 151 километр электр тармоғи янгиланди, 55 километр газ ва 112 километр сув тармоғи ўтказилди.

Осиё тараққиёти банкидан жалб қилинган 274 миллион доллар ҳисобидан “Бухоро – Нукус – Бейнов” йўналишидаги 240 километр магистрал йўл яқин кунларда ишга тушади.

Орол бўйидаги иқлим шароитини яхшилаш бўйича ҳам жуда катта дастур бошланган. Сўнгги етти йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион гектарда яшил қопламали ўрмонзорлар барпо этилди. Экотизимни яхшилаш, шўрланган, сувсиз муҳитда янги нав ва уруғларни яратиш учун Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.

Яқинда қишлоқ хўжалигини иқлимга мослаштириш дастури тасдиқланди. Унга кўра, Орол бўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 миллион доллар ажратилади. Ушбу маблағлар 100 минг гектар яйловни деградациядан чиқариш, тупроқ-иқлимга мос кунжут ва қовун навларини етиштириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлашга берилади.

Шу билан бирга, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп. Айрим инвестиция лойиҳалари ижроси суст. Йил бошидан бери Қорақалпоғистондаги 19 минг корхона 350 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Натижада тадбиркорлар “соя”дан чиққани, фаолиятини кенгайтиргани ҳисобига 4 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, имтиёз олган 6 минг корхонада  иш ўринлари камайган.

Аслида, Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит бошқа бирорта вилоятда йўқ. Бу имкониятлар лойиҳа ва иш ўрнига айлантирилганида, кўрсаткичлар 5-10 карра юқори бўларди.

Шу сабабли ярим йил якунлари бўйича Қораўзак ва Тахиатош ҳокимлари ишдан олинган. Амударё, Беруний, Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли ва Чимбой туман ҳокимларига интизомий жазо қўлланган.

Йиғилишда республикадаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Масалан, йил бошидан бери Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ келган. Лекин, меҳмонхона ўринлари кам. Агар ер берилса, тадбиркорлар замонавий меҳмонхона ва конгресс холл қуриш истагини билдирган.

Нукус шаҳрида жойлашган “Аччиқкўл” атрофидаги 20 гектарда турар жой, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин. Дўстлик ва Кегейли каналлари, Хўжайлидаги “Тасли жап” ва “Ширин жап” каналлари бўйида савдо ва кўнгилочар маскан ташкил этса бўлади. Амударё, Тўрткўл, Берунийда ҳам туристларни жалб қилиш бўйича жуда катта салоҳият бор.

“Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис объектини жойлаштирса бўлади. Элликқалъада замонавий бозор қурилса, савдо ва хизматлар кўпаяди.

Ўтган йили Беруний туманидан 22 гектар ер ажратилиб, Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилган эди. Лекин, шу пайтгача бу ерда бирорта ҳам лойиҳа қилинмаган. Ваҳоланки, бу ҳудудда барча инфратузилма бор, темир йўл ҳам ўтган. Хом ашё захиралари ҳам ёнгинасида жойлашган.

Қорақалпоғистондаги ер ажратишни соддалашган тизими иқтисодий зона ҳудуди учун ҳам жорий қилинса, бу ерда 320 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштирса бўлади.

Инвесторлар Қораўзакдаги Қойбақ маҳалласидаги 500 гектарда қўйчиликка ихтисослашган кластерни ишга тушириш учун 10 миллион доллар сармоя киритишга тайёр. Бу кластерда 10 минг бош қўй боқилиб, 100 тонна гўшт етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари бундай имкониятларни ишга солиб, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Қорақалпоғистонда бу йил бошласа бўладиган 1,9 миллиард долларлик 103 та йирик лойиҳа шакллантирилган. Тармоқлар йўналишида ҳам бир йил ичида жами 275 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилади. Умуман, яна 9,5 миллиард долларлик 120 дан зиёд истиқболли лойиҳалар тайёрланган.

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан ишлаб, ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Бу дастур Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500 минг иш ўрни учун катта замин бўлади.

Бир сўз билан айтганда, қорақалпоқ элининг эртаси бугунидан яхши бўлиши учун катта марралар олинган. Бунинг учун барча ҳамжиҳат бўлиб, фидокорона меҳнат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилда туркий халқларнинг улуғ шоири Ажиниёзнинг 200 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Давлатимиз раҳбари шоирнинг халқ учун хизмат қилган фидойи зотларни “ҳазрати инсон” деб атаганини ёдга олди ва барчани шундай ишлашга даъват этди.

– Аввал ҳам айтганимдек, ўзбек ва қорақалпоқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам бир. Мен ишонаман, бизнинг ёруғ, бахтли келажагимиз ҳам албатта бир бўлади. Бу йўлда сизларга, ҳурматли ёшулли ва тадбиркорларимизга янги ютуқ ва омадлар тилайман, – деди Президент.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ва тармоқлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ахборот берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари