Саудия Aрабистони компанияси 2025 йил бошида Мисрнинг янги пойтахтида 55 қаватли минора қуришни бошлайди. Бинони таъминлайдиган энергия ердан суюқ ҳолатда етказиб бериладиган тоза водород орқали ҳосил қилинади.

“Reuters” агентлиги хабар беришича, барқарор иқтисодиёт, намунали ҳаёт ва ишлаб чиқариш тизими намунасига айланадиган мазкур лойиҳа қиймати 1 миллиард доллар.

Бундай услубдаги илк ғояни амалга ошириш бўйича доиравий қарор 2023 йил январда Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми 53-йиғилиши сўнгги кунида имзоланган. Қурилиш ишлари Саудиянинг “Rawabi Holding” саноат гуруҳига тегишли “Magnom Properties” компанияси томонидан назорат қилинади. Минора буюртмачиси – “Forbes” медиа гуруҳи, иншоотнинг ишчи номи – “Forbes International Tower”. Бу Форбснинг илк тижорий минорасидир. Бир неча йил аввал Қоҳира шарқида қурила бошланган фасадга қуёш панеллари ўрнатилади. Натижада электр энергияси эҳтиёжи 25 фоиз таъминланади. Қолган зарур қувват водороддан олинади.

Кейинчалик, Дубай ва Aр-Риёдда ҳам шундай миноралар қуриш режалаштирилган. Бино томида вертолёт қўниши учун майдонча ҳозирланади. Тепага кўтарилиш учун иккита юқори тезликда ҳаракатланадиган VIP лифт ўрнатилади. Хавфсизликни таъминлаш, хусусан жисмоний ва кибер ҳужумнинг олдини олиш мақсадида энг сўнгги ахборот технология коммуникацияси тизими жорий қилинади. Aвтоматлаштириш ва сунъий интеллект ютуқларига, офис майдони ташкил қилишга янгича ёндашув кўзда тутилган.

Бинонинг батафсил лойиҳаси Чикагодаги AS+GG меъморчилик гуруҳи ва “Gordon Gill Architecture” компаниясига ишонилган. Объект 2030 йил фойдаланишга топширилади.