Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

МИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан, қарздор «GLOBAL TONAR» МЧЖдан ундирувчи «HUMO UNIVERSAL KOMPANY» МЧЖ фойдасига жами 2 380 033 000 сўм ундириш белгиланган.

Ушбу қарорга биноан чиқарилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қўнғирот туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.

Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида, қарздор «GLOBAL TONAR» МЧЖнинг банк ҳисоб рақамига электрон инкассо қўйилган ҳамда қарздорга тегишли жами 3 та автотранспорт воситасига банд солинган.

Натижада, қарздордан ундирилиши лозим бўлган 2,3 млрд. сўмдан ортиқ қарздорлик 29 июль куни тўлиқ ундирилиб, ушбу маблағлар ундирувчи «HUMO UNIVERSAL KOMPANY» МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказилган ва жамиятнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

ЎзА