10 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенаторлар ўз ишини янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг муҳокамасидан бошладилар.

Таъкидланганидек, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам ҳаражатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган. Шу боисдан бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермади.

Янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатдош электр энергия бозорининг юзага келиши ва ривожланишига кўмаклашиш назарда тутилмоқда.

Қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланмоқда.

Хусусан, қонунда инсофли рақобат, тенглик ва ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик, электр энергетикаси хавфсизлигининг устуворлиги кабилар соҳанинг асосий принциплари этиб белгиланиб, электр энергетикаси соҳасининг мақсадларига оид янги модда киритилмоқда.

Қонунда электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари ҳам акс эттирилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда электр энергияси бозорида трейдерлар (жисмоний ёки юридик шахслар) фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид норма киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишга ва бу орқали электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритишига, электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгиланишига ҳамда электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда. Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқишни мақсад қилган.

Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.

Албатта, белгиланган кўрсаткичларга эришиш, энергетик барқарорликни таъминлаш учун соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Боз устига углеводород ресурсларининг чегараланганлиги, уларнинг камайиши энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш чораларини кўриш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу билан бирга, амалда мамлакатимизда энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини, энергия сарфи меъёрлари ҳамда энергия аудит ўтказишни мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас.

Давлат муассасалари ва ташкилотларида замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича энергия сервис хизматлари йўқлиги, шунингдек, тежаш ва самарадорликни ошириш йўналишида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари суст бораётгани ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Қонун энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, соҳага хорижий ва хусусий инвестициялар жалб этишни кўпайтириш, нарх шаклланишининг эркин ва шаффоф механизмларини жорий қилишга асосланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорларини ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергияни тежаш ҳамда самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиб-тамойиллари, электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада тежамли, самарали фойдаланиш вазифалари ва қоидалари белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, энергияни тежаш ва энергия самарадорлик талабларини бузганлик ҳамда ресурсларни меъёридан ортиқча сарфлагани учун жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилган.

Қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ҳамда иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида энергияни тежаш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш йўналишлари кўзда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун қабул қилиниши энергия ресурслари харажатларини янада оптималлаштиришга хизмат қилиб, энергия истеъмоли самарадорлиги тизимли мониторингини амалга ошириш учун ҳуқуқий пойдевор яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонуннинг асосий мақсади маъмурий актларни қабул қилиш, ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатлиги аниқ қилиб белгиланиб, вазифалари тушунарли тарзда баён этилмоқда.

Шунингдек, ушбу қонуннинг қўлланиладиган соҳаси кенгайтирилиб, Қонун солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш каби тартиб-таомилларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Қонун ўзбошимчаликни ва ваколатнинг суиистеъмол қилинишини тақиқлаш, ҳуқуқни қўллашни рад этишга йўл қўймаслиги каби янги принциплар билан бойитилиб, амалдаги принципларга аниқ ва тўлиқ таърифлар берилмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахслар билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларни аниқ белгилашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат органлари ходимлари томонидан етказилиши мумкин бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона механизми яратилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмларини ошириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш имкониятларини кенгайтириш, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга ер участкалари ажратилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ерлардан фойдаланиш шартларини қайта кўриб чиқиш зарурияти мавжуддир.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлигини, шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча киритилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари белгиланмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда пиллачилик ва тутчиликни янада ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, ер участкаларидан ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар томонидан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжат билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ белгилаб берилаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан ўзаро мувофиқлаштирилаётганлиги келгусида ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қонунда бандликни рағбатлантириш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар вазирлик ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан кўрсатилаётган молиявий ёрдамлар, яъни субсидиялар уларнинг мақсадли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилиб, ссуда ажратиш ёки рад этишнинг асослари белгилаб қўйилмоқда.

Иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилмоқда. Унга кўра иш қидираётган шахсларнинг иш стажи, маълумоти (мавжуд бўлган тақдирда), иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар маҳаллий меҳнат органи томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши белгиланмоқда.

Қонунда ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар асосида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, қонун асосида меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланиб, агар меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланиши назарда тутилмоқда.

Қонунда ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш тартиблари такомиллаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан бундай ишларда иштирок этиш учун меҳнат шартномаси муддатини ўн бир ойгача бўлган муддатга тузиш асослари, ишсиз шахсларга стипендия тўлаш шартлари белгиланмоқда ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари такомиллаштирилмоқда.

Ҳужжатда ишсиз шахсларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендияларни тўлаш мезонлари аниқ белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга, ишга жойлаштириш бўйича мурожаат қилаётган фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйиш ҳамда аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, шу жумладан, пиротехника буюмлари қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021-2023 йилларда 239 та ҳолатда мамлакатимиз ҳудудига қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик 300 мингдан ортиқ пиротехника буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатларининг олди олинган.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш мақсадида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиққанлик, шунингдек, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик учун мазкур ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенати ҳам пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, сақлаш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ёки ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш юзасидан доимий шуғулланиб келмоқда.

Жумладан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ушбу салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича масъул тузилмаларга сенатор сўрови ҳам юборилиб, тегишли жавоблар олинган. Қўмита томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига мамлакатимиз ҳудудларига қўшни давлатлардан чегарани бузган ҳолда пиротехника воситаларини олиб ўтиш ҳолатларини олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги юзасидан тавсиялар юборилган.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунга киритилаётган янги нормалар бугунги кунда олиб борилган ҳамкорликдаги умумий саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.

Қонуннинг маъқулланиши жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи ҳолларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Фаол фикр ва таклифлар алмашинуви тарзида ўтган қонун муҳокамасида тез ўзгарувчан воқеликка мослаша оладиган, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари ривожланишини самарали бошқаришни таъминлайдиган мослашувчан ва динамик шаҳарсозлик тизимини яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг номини ва ваколатларини аниқлаштиришни, шунингдек, республика ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳларини ишлаб чиқиш йўли билан аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган шаклда ишлаб чиқишда буюртмачига ва лойиҳа ташкилотларига лойиҳалаштириш учун топшириқлар бериш меъёри белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, қонунда кўзда тутилган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришнинг режалаштириш схемаларини яратиш орқали алоҳида ҳудудларни, уларнинг ўзига хослиги ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришнинг янада аниқ режаларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Энг муҳими, таклиф этилаётган ўзгартиришлар фуқаролар учун иқтисодий, ижтимоий ва экологик шароитни сақлаган ҳолда шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг барқарор ва мутаносиб ривожланишини таъминлайди.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун Ўзбекистонда янада самарали ва шаффоф шаҳарсозлик тизимини яратиш ҳамда ҳар бир фуқаро муносиб ҳаёт кечириши ва хавфсиз келажакка эга бўлиши мумкин бўлган замонавий ҳудудларни барпо этишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлисда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига божхона брокери фаолиятини ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун билан божхона брокери фаолияти ҳамда халқаро курьерлик жўнатмалари соҳаси тартибга солинмоқда.

Хусусан, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ваколатли давлат органини божхона брокери фаолиятини ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятини амалга оширишлари тўғрисида хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, ваколатли давлат органини хабардор этмасдан фаолиятни амалга оширганлик ҳамда хабардор қилиш тартибида фаолият юритиш учун белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилганлиги юзасидан ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Жумладан, божхона брокери сифатида ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабардор қилмаслик учун БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима қўллаш белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш ва божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишда мавжуд қоидабузарликларнинг олди олишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Музокаралардан сўнг қонун сеаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин “Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан фитосанитария сертификатини ёки гувоҳномасини олиш талаб этилмайдиган карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда экспорт қилувчи хорижий мамлакатларнинг фитосанитария сертификатини ёки гувоҳномасини талаб этиш бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга қонунда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан карантин остидаги маҳсулотнинг ҳар бир туркумига алоҳида-алоҳида бериладиган карантин рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда, хорижий мамлакатлардан карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришга йўл қўйилиши мустаҳкамланмоқда.

Қонунга киритилаётган ушбу қўшимча ва ўзгартириш ўсимликлар карантини қоидалари ҳамда фитосанитария талабларини енгиллаштиради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу янгиликлар ички бозорларда асосий турдаги маҳсулотлар нархининг барқарорлигини таъминлашга, импорт ҳисобидан қопланадиган аҳолининг истеъмол талаби юқори бўлган маҳсулотларни олиб киришда тадбиркорлик субъектларига имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди, ушбу соҳадаги бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Айни вақтда бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги функциялари ва вазифаларининг алоҳида вазирликларга ўтказилиши, шунингдек, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг қайта ташкил этилиши уларнинг расмий номланишини ва ваколатларини аниқлаштириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишини талаб этмоқда.

Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигининг номланиши ва ваколатлари, шунингдек, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг номланиши аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ҳамда олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолашнинг янги тизими жорий этилишини, кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни, шунингдек, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида тақсимланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга, шунингдек, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган таълим хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, ҳозирда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари сони ортиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 2009 йилда 184 та ҳайвон ва 304 та ўсимлик турлари киритилган бўлса, 2019 йилга келиб ушбу кўрсаткич мос равишда 206 (+22) ҳамда 314 (+10) тани ташкил этган.

Мазкур қонун билан қатор қонунларга мамлакатимизнинг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишни янада кучайтириш ҳамда уларни табиий муҳитдан ажратиб олишни чеклашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш учун уларнинг ўсиш муҳити бўлган жойларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида уларни табиий муҳитдан ажратиб олган ҳолда фойдаланилиши мумкинлиги кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан киритиладиган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қизил китобга киритилган, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини ва уларнинг қисмларини табиий муҳитдан ажратиб олишга доир рухсатномаларни бериш чекланиши, чекловларнинг асослари, уларнинг амал қилиш муддати белгиланиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, экология ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Қонун ва кодекслардаги оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ тушунчалар “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига мувофиқлаштирилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши экология соҳасидаги давлат бошқарувининг самарали ташкил этилишини таъминлашга, Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларининг ўсиш ва яшаш муҳити шароитлари яхшиланишига ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллиги таъминланишига, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилмоқда.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида аниқ манзилга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланиши, ушбу масалага комплекс ёндашган ҳолда ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ишларнинг йўлга қўйилиши муҳим ҳисобланади.

Таъкидланганидек, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказишни, ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар мазкур қонун аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга, мамлакатимизда криминоген вазиятнинг яхшиланишига ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтининг таъсир этиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мувофиқ парламент назорати доирасида Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Пойтахтимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 135,1 мингтани ташкил этиб, мазкур тадбиркорлик субъектларнинг асосий қисми, яъни 33 фоизи савдо, 13 фоизи саноат, 9 фоизи қурилиш соҳасига тўғри келган.

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йилнинг ўтган чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,5 триллион сўмни, қурилиш ишлари 5,9 триллион сўмни, чакана савдонинг товар айланмасидаги ҳажми 11,3 триллион сўмни ва хизматлар ҳажми 20 триллион сўмни ташкил этган.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2024 йилнинг ўтган 6 ойида шаҳар бўйича мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга 17,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.

Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги кўчат экиш мавсуми доирасида Тошкент шаҳрида 700 минг донага яқин манзарали, мевали дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экилган. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 12 та туман ҳокимликлари томонидан 20,47 гектар майдонда 26 та ҳокимлик яшил боғлари, ҳар бир туманда “Каштан кўчаси”, “Чинор кўчаси”, “Эман кўчаси”, “Лола дарахти кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этилган.

Чиқиндиларни бошқариш бўйича Тошкент шаҳрида мавжуд 585 та МФЙ тўлиқ санитар хизмат кўрсатиш бўйича қамраб олинган. Шаҳарда умумий ҳисобда март ойигача 363,2 минг куб метр аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳарда янги қурилаётган ҳамда фаолият олиб бораётган саноат ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига жами 1 057 та давлат экологик экспертизасининг хулосалари тақдим қилинган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, мажлисда таъкидланганидек, шаҳарда 2023 йил якуни билан 327 та ҳудудий корхоналар 10,2 триллион сўмлик зарар билан якунлаган.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек туманидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан иборат кичик саноат зонасида мунтазам равишда электр ва газ таъминотида муаммолар мавжудлиги, Яккасарой туманида эса Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилиш бўйича ишлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги, Яшнобод туманида 28 та лотдан иборат Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилинган бўлса-да, бироқ бугунги кунда 28 та лотдан фақат 12 таси аукцион орқали сотилганлиги кўрсатиб ўтилди.

“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан, мурожаатларнинг 29 фоизини (106 та) кўриб чиқиш муддатлари бузилган.

Бундан ташқари, республика миқёсида атмосферага йилига 2 миллион 200 минг тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётган бўлиб, Тошкент шаҳрида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори қарийб 420 минг тоннани ташкил этган.

Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинмаган.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 87 та ҳолат аниқланиб, табиатга жами 817,3 миллион сўм зарар етказилган. Шаҳардаги оқова сув тозалаш иншоотлари самарадорлиги паст бўлиб, Салар ва Бўзсув иншоотларида 72 фоизни, Бектемир иншоотида 53 фоизни ташкил қилади, холос.

Сенаторлар томонидан шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, экология соҳасида мавжуд талаблар бажарилишини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўриш юзасидан таклифлар билдирилди.

Хусусан, корхоналарни соғломлаштиришга қаратилган чораларни белгилаш, кичик саноат зонаси ва ёшлар саноат зоналари муҳандислик таъминотини яхшилаш орқали тадбиркорликни ривожлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида ишларни ташкил этиш, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чораларни кўриш лозимлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг ялпи мажлисида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Парламент сўровига берилган жавоб орқали республикамизда ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг фондини сақлаб қолиш, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, сўнгги беш йилда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори ва 1 та фармойиши қабул қилинган. Олиб борилган ишлар натижасида республикада МЭТҲ майдони 6,4 миллионга етказилиб, мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ–37-сонли фармонига мувофиқ жорий йилда Фарғона ва Наманган вилоятларида миллий табиат боғларини ташкил этиш ҳамда МЭТҲ майдонини 14,2 фоизга етказиш режалаштирилган. Трансчегаравий МЭТҲ ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, манфаатдор томонларга тақдим этилган.

МЭТҲда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний овчилик, ўсимликларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилган.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш бўйича смарт мониторинг тизими жорий этилиб, кадастр маълумотларини тўплаш ҳамда шакллантириш ва таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий географик ахборот тизимига интеграция қилинган. МЭТҲда 500 дан ортиқ фотоқопқон ўрнатилиб, ёввойи ҳайвонлар ҳисоби ва мониторинги юритилмоқда.

МЭТҲ бирламчи ёнғинга қарши курашиш воситалари билан таъминланган, ёнғинга қарши йўллар таъмирланиб, минераллаштирилган йўлаклар барпо этилган.

Биотехник тадбирлар учун 693 та нуқтада омухта ем охурлари, 92 та нуқтада сунъий сувлоқлар, 500 дан ортиқ тузлоқлар ва қўшимча озиқлантириш масканлари ташкил этилган.

МЭТҲда илмий-тадқиқотлар олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус транспорт воситалари, лаборатория жиҳозлари, электрон микроскоплар, фотоқопқонлар ва бошқа техник анжомлар харид қилинган.

МЭТҲга антропоген омиллар таъсирини камайтириш мақсадида қатор қўриқхоналарга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) зоналар ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш ҳамда такрор кўпайтириш мақсадида Бухоро буғуси парваришхоналари, Қизилқум архари парваришхонаси ҳамда ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниклари ташкил қилинган.

Соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 2023 йил давомида икки мингга яқин назорат рейд тадбирлари амалга оширилган. МЭТҲга туташ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Қайд этилганидек, парламент сўрови жавоби таҳлиллари ва ўтказилган ўрганишлар айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, МЭТҲда биотехник тадбирларга маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши лозим бўлса-да, айрим ҳолатларда улар томонидан етарли маблағ ажратилмай қолмоқда.

Ҳудудлар хусусиятларини, табиий мажмуалар ва ҳудудий фарқларни ҳисобга олган ҳолда экологик индикаторларни ишлаб чиқиш лозим.

Ноқонуний чорва моллари боқилиши, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бошқа салбий омиллар сабабли МЭТҲнинг биологик хилма-хиллиги қисқариши, умумий биомассаси сийраклашиши давом этмоқда.

МЭТҲ ер майдонларини саноат ва бошқа мақсадлар учун захирага қайтаришга ҳаракатлар кучайиб бормоқда.

Ялпи мажлисда юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, маълум вақт талаб этадиган ва доимий назорат лозим бўлган айрим масалалар парламент назоратида қолиши қайд этилди.

Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

2020 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилиш институти жорий этилди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан аҳолининг мурожаатларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи банд қилиш, хусусан, фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш орқали пенсия учун зарур меҳнат стажини ҳисобга олиш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўзини ўзи банд қилиш тизими “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун, Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 100 дан зиёд фаолият (ишлар, хизматлар) турлари мавжуд.

Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Солиқ кодексининг 408-моддасига асосан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ ихтиёрий равишда тўланади. Шунингдек, ушбу моддага кўра ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқ тўловини ҳисобот йилининг 1 декабригача амалга оширади.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида ўзини ўзи банд қилган шахслар сони ошди.

Аҳолининг мурожаатлари ва таҳлиллар тизимда баъзи муаммолар борлигини кўрсатди. Хусусан, 2020-2023 йилларда рўйхатга олинганларнинг фақатгина 13 фоизи ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган.

Шунингдек, 2023 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 65 мингга яқин фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш учун давлат томонидан молиявий кўмак, яъни 313 миллиард сўм субсидия ажратилган бўлиб, даромад олиш манбаи яратилган бўлса-да, ушбу фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлови даражаси пастлигича қолмоқда.

Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўламаслик келажакда уларнинг ижтимоий ҳимояланиши ҳолати пасайишига, яъни ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам миқдорда солиқ тўланган ҳолларда уларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаяпти ва айни пайтда тўланган суммани солиқ тўловчига қайтариш амалиёти ҳам йўлга қўйилмаган.

Норасмий меҳнат нафақат мамлакат иқтисодиётига жиддий салбий таъсир этади, балки инсон ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўяди, қариганда ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда ижтимоий ҳимоясиз қолдиради.

Маълумки, Солиқ кодексининг 408-моддасига биноан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобот йилининг 1 декабригача тўловни амалга ошириши белгиланган. Амалда мазкур санадан кейин (1-31 декабрь оралиғида) солиқ тўлаган шахсларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаган.

Вазирлар Маҳкамасига юборилаётган парламент сўровида аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш, қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар, ўзини ўзи банд қилган шахсларга қулайлик яратиш сўралмоқда.

Муҳокама сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг эллик тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 18 та масала, шу жумладан, 14 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати