Мамлакатимизда электр энергиясидан самарали фойдаланиб, унинг танқислигининг олдини олиш мақсадида қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларини қўллаш амалиёти кенг жорий этилаётган бугунги кунда тадбиркорларимиз томонидан қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳаси рағбатлантирилмоқда.
Ӯзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасаддилари ҳудудда биринчилардан бўлиб қуёш панелларини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда ишлаб чиқаришга ихтисослашган Нукус шаҳридаги “Nukuselectroapparat” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида бўлди. Мазкур корхонанинг қарийб 125 миллиард сўм қийматидаги ушбу лойиҳасининг ишга туширилиши яна 30 та янги иш ўрнининг яратилишига замин бўлади.
“Nukuselectroapparat” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасига 2023 йил бошидан буён олиб кирилган автоматлаштирилган технологик асбоб ускуна ва қисмларга ҳукумат қарорлари асосида 10,4 миллиард сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз ҳамда преференция тақдим этилган.
Учрашув давомида корхона масъулларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзаллиги тушунтирилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва экспорт томон ҳаракатланиш бўйича ҳам муҳокамалар олиб борилди. Келгусида ўз маҳсулотларини экспортга йўналтиришни режалаштираётган мазкур корхона масъулларига тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шароитлар қаторида “Экспорт 3 қадамда” тизими имкониятлари тушунтирилди.
Ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш мамлакатимизда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни қаноатлантириб, унинг тақчиллигини олдини олишга хизмат қилади. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган қуёш панеллари эса тан нархининг пастлиги ва транспорт харажатларининг иқтисод бўлиши эвазига бутун халқимизга бирдек қулайлик яратади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири