Италия жанубида жойлашган Апулия вилоятида кеча “Катта еттилик” етакчилари саммити бошланди. Тадбирни мезбон мамлакат Бош вазири Жоржа Мелони очиб, анжуман аниқ натижалар беришига ишончи комил эканини таъкидлади.
G7 учрашувининг биринчи сессияси бошланиши арафасида Мелони саммит учун Апулия танлангани бежиз эмаслиги, бу Глобал Жануб иштирокидаги мулоқотни мустаҳкамлаш истагига ишора эканини қайд этди. Зеро, Атлантика ва Тинч океанини боғловчи Ўрта ер денгизи марказида ўтаётган тадбир Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини бажариши билан тарихда қолади.
– Еттилик ҳимояланаётган ёпиқ қалъа эмас, – деди Мелони. – Биз биргаликда ривожланиш мақсадларини кўзлаб, дунё учун қадриятларни таклиф қиламиз.
Мазкур уч кунлик йирик анжуманда Ғарб етакчилари Украина ва Яқин Шарқ, Африка билан ҳамкорлик, сунъий интеллектнинг салбий оқибати каби масалалар муҳокама қилинади.
Бугунга белгиланган Украина инқирози бўйича сессияда Президент Владимир Зеленский иштирок этади. Мажлисда Украинага 50 миллиард доллар ажратиш масаласи кўрилади. Ушбу кредит Россиянинг музлатилган активлари даромад фоизи ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.