Ӯзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” кўрик-танловида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг “Келажак ёшлари” жамоаси Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритди.
Вазирлик тизимидаги 10 та олий таълим муассасаси талаба- ёшлари ўртасида ташкил этилган танловнинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги соҳасида ёшларнинг янги, креатив ғояларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларини амалга ошириши учун мотивация бериш, соҳада илғор ва ташаббускор ёшлар учун имкон яратишдир. Жами 3 босқичда ўтказилган танлов 4 минг 99 нафар ёшни қамраб олди. Кўрик-танлов давомида талаба-ёшлар томонидан илғор ғоялар асосида кўплаб инновацион лойиҳалар тақдим этилди.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг “Келажак ёшлари” жамоаси мазкур танловнинг мутлоқ ғолиби деб топилди. Тошкент давлат аграр университети жамоаси иккинчи, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти жамоаси эса учинчи ўринларни эгаллади.
Нукус халқаро аэропортида Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритган “Келажак ёшлари” жамоаси тантанали кутиб олинди. Тадбирда филиал раҳбарияти, ота-оналар ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, ғолибларни самимий муборакбод этди.
– Саҳнада тақдирланар эканмиз, хаёлимда биз ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятларни яна бир марта қалбдан чуқур ҳис қилдим,– дейди филиал талабаси Шахида Қарлибаева. – Устозларимиз ва жамоа аъзолари билан тинмай меҳнат қилиб, лойиҳамиз устида мунтазам иш олиб бордик. Натижа эса кутгандан ҳам аъло бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири