Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида асаларичилик тармоғини ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда  Қурғоқчил минтақаларида қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу семинарда Қорақалпоғистондаги асаларичилик фермер хўжаликлари вакиллари, тегишли соҳа мутахассислари, филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда асаларичилик хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш  бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар қайд этилди.

Маърузачилар томонидан семинар иштирокчиларига асалариларда учрайдиган мавсумий  касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, ушбу соҳада наслчиликни ташкил этиш ва ривожлантириш, ҲивеТраcкс мобил иловасидан фойдаланиш тартиби, уй шароитида асалари оиласини парваришлаш, замонавий ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш, асал ишлаб чиқариш жараёнлари, уларнинг озуқа базасини яратиш каби мавзуларда тўлақонли маълумот берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда сифатли асал маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, хорижга экспорт қилиш, келгусида илғор тажрибаларни жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари хусусида сўз юритилди. Асаларичиликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўғрисида  алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири