Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий Петербург Халқаро иқтисодиёт форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг кўплаб давлатларидан ҳамкасбларимиз – тажрибали медиа мутахассислар, журналистлар ҳам иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида 5 июнь куни РФ Президенти Владимир Путин жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашди. Очиқ савол-жавоб,  самимий суҳбат-мунозара тарзидаги учрашувда мамлакатимиздан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам қатнашди.

Тадбирда Россиядан ТАСС, АҚШдан “Associated Press”, Буюк Британиядан “Reuters”, Германиядан “Deutsche Presse-Agentur – DPA”, Хитойдан Синьхуа, Франциядан “France-Press” каби жаҳоннинг етакчи агентликлари, шунингдек, Япония, Эрон, Испания, Италия, Туркия, Корея Республикаси, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжоннинг етакчи расмий ахборот идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Кутилганидек, мулоқот давомида муҳим халқаро воқеа-ҳодисалар, ички ва ташқи сиёсат атрофида конструктив суҳбат, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Жумладан,  Россия – Украина зиддиятига кенгроқ ўрин берилди. Яъни, иштирокчиларнинг аксарияти ушбу муаммо билан боғлиқ мулоҳазаларга аниқлик киритиб олиш истагида бўлди. Шунингдек, В.Путин Исроил – Фаластин можароси, АҚШдаги бўлажак президент сайлови, РФнинг Европа Иттифоқи, Марказий Осиё, Кавказ, Корея ярим ороли каби минтақалар, шунингдек Беларусь, Эрон, КХДР, Япония билан алоҳида муносабати юзасидан берилган саволларга ҳам жавоб берди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов Россия Президенти ва ҳамкасблари диққатини дунёдаги айрим давлатлар ва минтақалараро низолар ўта кучайган мураккаб бир даврда кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган Афғонистон муаммосига қаратди.

– Владимир Владимирович, яқинда Президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар давомида долзарб халқаро масалалар бўйича фикр алмашган эдингиз. Ўзбекистон учун қўшни афғон заминидаги тинчлик ва барқарорлик жуда муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, кузатишимизча, Украинада бўлиб ўтаётган воқеалар глобал кун тартибидан афғон муаммосини тўлиқ сиқиб чиқарган. Ваҳоланки, Афғонистоннинг янги раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, заҳматкаш афғон халқига ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашиш бўйича объектив зарурат мавжуд. Бундан ташқари, биз Афғонистоннинг янги ҳукумати, яъни Толибон мамлакатда тинчлик ўрнатиш, барча давлатлар билан конструктив ҳамкорликни йўлга қўйишга қатъий интилаётганини кўришимиз мумкин. Менинг саволим шу билан боғлиқ.

–Россия Федерацияси учун Афғонистон билан мулоқотни сақлаб қолиш қанчалик муҳим? Ҳозирги пайтда афғон йўналиши Россия сиёсатида муҳим ўрин эгаллайдими? Ва Сизнинг ушбу мамлакат атрофидаги жараёнларга муносабатингиз қандай? 

– В.Путин: Биринчидан, шуни тасдиқламоқчиманки, Ўзбекистонга сафаримиз ниҳоятда салмоқли, самарали кечди. Ҳали ҳеч ким билан бу шаклда мулоқот қилмаган эдик. Яъни, Президент Мирзиёев ташаббуси билан ва таклифига кўра, Ўзбекистонга катта ҳукумат делегацияси билан ташриф буюрдик, айни пайт ҳудудлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказдик. Натижа шундай бўлдики, Россия ҳукуматининг ярми, РФ ҳудудлари раҳбарларининг салмоқли қисми Тошкентда бўлди. Айрим ҳудудларимиз раҳбарлари, ҳатто, РФ Ҳукуматининг янгиланган раҳбарияти таркиби билан ҳам бевосита мулоқот қилди. Жараён қизиқарли, ниҳоятда фойдали бўлди. Бу мен учун, ҳатто, кутилмаган ҳол.

Иккинчидан, биз Украина муаммосини муҳокама қилдик. Президент Мирзиёев, албатта, ушбу зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишни ёқлаб чиққан, бир неча бор Ўзбекистон Украинадаги воқеалардан ташвишда эканини таъкидлаган. Айни пайт биз Президентдан бу борада мамлакатингиз сиёсати яққол бетараф хусусиятга эга экани ва пухта ўйлангани учун миннатдормиз.

Афғонистонга келсак, биз бу ҳақда ҳам кўп гаплашганмиз. Ўзбекистон дуч келаётган муаммо – дунё океанига, денгизларга чиқиш экани тушунарли. Бу борада турли вариантлар мавжуд. Масалан, Афғонистон ҳудуди орқали қувурли транспорт, темир йўл ва автомобиль транспорти, энергия ташувчи воситалар, электр энергияси каби логистиканинг турли шаклларини ривожлантириш. Табиийки, шу сабабли Ўзбекистон учун ҳам, биз учун ҳам Афғонистондаги барқарорлик жуда муҳим. Ва биз ҳар доим воқеликдан келиб чиқиш тарафдоримиз: толиблар Афғонистондаги ҳокимиятни назорат қилмоқда ва албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасидаги барча келишувлар бажарилиши, жумладан, Афғонистоннинг барча этник гуруҳлари иштирокида ҳокимият инклюзив бўлишига эришиш керак. Бу нозик ва ўта муҳим масала. Толибон ҳукумати билан алоқа ўрнатиш керак. Умуман олганда, алоқаларимиз бор. Афғонистон буни ривожлантираётганини биламан. Биз бундан кейин ҳам илгарилаб борамиз, қўшни мамлакат билан муносабатларни йўлга қўйиш керак, ахир. Ўзбекистоннинг бу мамлакат билан чегараси анча узун. Демак, хавфсизликни таъминлаш керак Ва такрорлайман, логистикани ривожлантириш зарур. Бу борадаги ишларни албатта давом эттирамиз, ушбу имкониятларни ўрганиб чиқамиз, деб келишдик.

Петербург Халқаро иқтисодиёт форуми давом этяпти.

ЎзА