Солиқ концепцияси: янгиликлар, имтиёзлар

“Ўзэкспомарказ”да Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессия Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг эксперт-жамоатчилик муҳокамасига бағишланди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, солиққа тортиш соҳасидаги экспертлар, бизнес-ҳамжамият, дипломатик корпус, халқаро молия институтлари, етакчи ОАВ ходимлари иштирок этди.
Айрим одамларда солиқ ҳақида нотўғри тушунча шаклланган. Гўёки улар ўзлари тўлаётган солиқларни кимгадир шундоққина бериб юбораётгандек тушунишади. Ва солиқлардан қочишади. Аслида, ўз вақтида тўланган солиқлар бу – бизни қўриқлаётган армия, замонавий мактаб, яхши таълим, сифатли тиббий хизмат, текис ва равон йўл, ўз вақтида бериладиган маош ва пенсиялар, хуллас, қулай турмуш тарзимиз учун давлат сарфлайдиган маблағдир. Ҳар кимнинг тўлаган солиғи занжирли тизим орқали ўзига қайтиб келади.
Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони солиқ сиёсатида янги саҳифа очди. Янги солиқ концепцияси бу сафар тор доирада, сокин кабинетларда қабул қилинмади. Аксинча, 3 ой давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп баҳслар бўлди. Минглаб таклиф ва мунозаралар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобатли муҳит яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар, солиқ сиёсатини такомиллаштириш йўлида ушбу концепцияда кўзда тутилган ечимларни кўриб чиқиб, фармонда белгилаб берилган тизимли муаммоларга батафсил тўхталиб ўтдилар.
– Мазкур концепциянинг аҳамияти жуда катта, нима учун? Рақамлар бўйича мисол келтираман, бугунги кунда Ўзбекистонда 13 миллион меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўловлари бўйича солиқ тўлаётганлар 4 ярим миллионни ташкил этади. 3,3 миллион одам пенсионер. Бундан кўринадики, 4 ярим миллион одам пенсияни таъминлаб бериши керак. Бу кўрсаткич Европанинг энг қариб бораётган мамлакатларига хос. Бизда асосан ёш миллат бўлишига қарамасдан шундай аҳвол. Давлатимиз раҳбари ушбу жиҳатларни ҳам ўйлаб, ҳар томонлама пухта фармон қабул қилдиларки, бу солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, ривожланиш учун катта қадам. Бунда асосий эътибор адолатли солиқ тўлаш ва солиқ юкини камайтиришга қаратилмоқда. Мисол учун, бирор катта ишлаб чиқариш корхонаси 30 миллион АҚШ доллари активи бўлса-да, ўзини кичик корхона деб рўйхатдан ўтказиб 5 фоиз солиқ тўласа. Бу нотўғри ҳолат, – деди Ўзбекистон Республикаси молия вазири Жамшид Қўчқоров.
Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкламаси, барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси жорий этилиши орқали пасайтирилади, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларига йўналтирилади, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий бадаллари бекор қилинади. Бизнес учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади.
Юридик шахслар айланмалари (нақд пул тушуми)дан ундириладиган давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар бекор қилинади, юридик шахслар фойдасига солиқ ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун эса 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади. Қўшимча қийматга солиқ ставкасининг 20 фоизлик ҳозирги миқдори сақлаб қолинади, бунда солиқ ҳисоби тўлақонли тизими жорий этилади, солиққа тортиш базаси аниқлаштирилади, имтиёзлар сони камайтирилади ва 2019 йил якунлари бўйича ушбу солиқ ставкаси пасайтирилади.
Қабул қилинган концепция жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида қайта ишланган ҳамда бизнес ва ижтимоий кафолатлар таъминловчиси ҳисобланган давлатнинг манфаатлари ҳисобга олинган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА